20:00 | 07.07.24

                       

Ҳафтанинг муҳим геосиёсий янгиликлари шарҳи

Эрон ва Британия янги етакчи сайлади, байроғи ўхшаш давлатлар ҳамкорлиги, Виктор Орбан урушни тўхтата оладими?

Диний диктатура дея, асосан, ғарб томонидан танқид қилинадиган Эронда янги президент сайланиши ҳафтанинг муҳим воқеаларидан бўлди. Эрон қизиқ давлат. Бир томондан ҳокимият қаттиққўл муллалар қўлида, уларнинг чизиғидан чиқиб бўлмайди. Иккинчи томондан эса ўзига хос демократияси бор: парламенти тортишувларга бой, ҳукумат ва давлат раҳбари мамлакат ичида танқид қилинади, собиқ президентлари ҳаёт ва ишлаб юрибди, асосийси – президентлик сайловлари ҳаққоний ўтади, ким сайланишини олдиндан айтиб бўлмайди.

Масъуд Пезешкиён Эроннинг янги президенти бўлди

Ҳафтанинг энг муҳим воқеаларидан бири, шубҳасиз, Эронда янги президент сайланиши бўлди. 16,4 млн эронлик сайловчи қўллаб-қувватлаган Масъуд Пезешкиён сайловда ғалаба қозонди. У ислоҳотчилардан ягона номзод бўлиб, этник озарбайжондир, касби шифокор. Биринчи турда ҳам Пезешкиён ғалаба қозонган, бироқ иккала номзод ҳам 50 фоиздан кўп овоз ололмагани ортидан президент сайлови ғолиби иккинчи турда аниқланиши маълум бўлганди.

Бу сайловда эронликлар жуда пассив иштирок этди. Эрон аҳолиси узоқ йиллик изоляциядан, муллакратиядан чарчагани сезилмоқда. Янги президент  Ғарб билан мулоқот бошлаш, қўшни давлатлар билан муносабатларни кўриб чиқишни таклиф қилмоқда. У, шунингдек, ҳижоб ўраш аёлларнинг шахсий иши, деб ҳисоблайди. Ислом Республикасининг сиёсатини ислоҳотчи раҳбар ўзгартирадими-йўқми – вақт кўрсатади.

Буюк Британия янги бош вазир сайлади

Буюк Британияда ҳам сайлов бўлиб ўтди. 4 июль куни ўтказилган навбатдан ташқари парламент сайловларида Кир Стармер бошчилигидаги мухолифатчи Лейбористлар партияси ғалаба қозонди. Сайлов участкаларида ҳам ўтказилган сўровномалар ва экзит полл Консерваторларнинг мағлубиятини аввалдан кўрсатган эди. Сайлов натижалари эълон қилингач, бош вазир Риши Сунак фаолиятини якунлади ва сайловчилар билан хайрлашди.

Асли ҳинд бўлган Риши Сунак Лизз Трасснинг ҳукумат инқирозидан кейин катта қийинчиликларсиз бош вазир бўлган эди. Риши Сунак фаолиятини тез якунлаганининг сабаблари қилиб Британиянинг ЯИМ ҳажми етарлича ўсмаётгани, уни сиёсий элита қабул қилмагани ва умуман ваъдаларини уддалай олмагани кўрсатилмоқда.

ҲАМАС тинчлик режасини қабул қилди

Ғазодаги қирғин 10 ойдирки давом этмоқда. Икки томон ён беришни истамай келяпти. Аммо бу ҳафта The New York Times нашри ёзишича, исроиллик генераллар, ҳаттоки, ҲАМАС ҳокимият тепасида қолса ҳам Ғазо секторида тинчликка эришишни истайди. Бу Ғазода гаровда сақланаётган 120 нафар исроилликни қутқариб олишнинг энг тўғри йўлидир.

Бир ой муқаддам Байденнинг сулҳ режасини ҲАМАС рад қилган эди. Аммо бу ҳафта Reuters нашри ёзишича, АҚШнинг асирларни озод қилиш бўйича тинчлик режасини ҲАМАС қабул қилган ва икки ҳафтадан кейин Исроил билан музокалар бошланади.

Хитой НАТОга таҳдид солмоқда

Сарлавҳадаги фикрни алянс ўртага ташлашан. Лавозимини тарк этаётган НАТО бош котиби Йенс Столтенберг НАТО Хитойни рақиб ҳисобламаслиги, аммо унинг қадриятлари ва манфаатларига таҳдид солаётганини айтди. Столтенбергнинг айтишича, ХХР Тайванга ва қўшни давлатларга хавф туғдиряпти. НАТО бош котиби, шунингдек, Хитойни Россияга ҳарбий ёрдам беришда айблади.

Хитойнинг Вашингтондаги вакили аввалроқ «Хитой Россияга ҳарбий ёрдам кўрсатаётгани ҳақида АҚШ дезинформация тарқатаётгани» ҳақида гапирганди.

АҚШ Японияга 48та F-35A қирувчи самолётини жойлаштирмоқчи

Сарлавҳадаги режа Япониядаги матбуот конференциясида маълум қилинди. «Биз буни АҚШ Ҳарбий кучлари салоҳиятининг оширилишига қаратилган қадам ва япон-америка алянсининг тийиб туриш салоҳиятининг ўсиши деб ҳисоблаймиз», дейди юқори даражали япон масъули журналистларга.

АҚШнинг Осиё шарқидаги азалий иттифоқчилари саналмиш Япония ва Жанубий Кореяга Шимолий Кореядан хавф сақланиб қолмоқда.

Озарбайжон, Туркия ва Покистон ҳамкорликни ривожлантирмоқчи

Уч давлат етакчилари Илҳом Алиев, Ражаб Тойиб Эрдўғон ва Шаҳбоз Шариф Остонада Шанхай ташкилоти саммитида учрашиб, уч томонлама ҳамкорликни ривожлантиришни муҳокама қилиб олди. Бу ҳақда Озарбайжон президенти сайтида ёзилмоқда.

Учрашувда уч томонлама савдо-иқтисодий алоқаларни, инновациялар, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва ижтимоий соҳаларда ҳамкорликни кучайтириш борасида фикр алмашилган. Бундан ташқари, етакчилар мудофаа ва мудофаа саноати масалалари бўйича ҳам гаплашиб олган.

Бу уч давлат халқаро майдонда ўзаро яхши муносабатга эгалиги билан ажралиб туради. Байроқларидаги ой ва юлдуз рамзлари ўхшашлиги ҳам уларни умумлаштиради.

Виктор Орбан Россия-Украина урушини тўхтата оладими?

Евроиттифоқ  кенгаши раислигини қабул қилган Венгрия бош вазири Виктор Орбаннинг Москвага сафари кенг муҳокама қилинмоқда. У Москвага «тинчликни яқинлаштириш» бўйича келган. Путин Орбанни аввал Макрон билан ўтирган узун столда эмас, юзма-юз қабул қилган, унга «нафақат бизнинг узоқ йиллик ҳамкоримиз, балки ЕИ Кенгаши раиси сифатида ҳам келдингиз», дея мулозамат кўрсатган. Учрашув якунлари бўйича Путин ва Орбан матбуотга баёнот берган, аммо унда тинчлик дараклари кўринмайди.

Евроиттифоқ вакиллари Виктор Орбанга қарата танқидларни ёғдирган. Чунки «Московчи» Орбан Евроиттифоқдаги Россиянинг энг яқин ҳамкори бўлиб келмоқда, у ЕИнинг Украинага ёрдамини кўп блоклайди ва Россияга санкция қўйилишига қарши чиқади.

Украина бу учрашув ўзи билан келишмасдан ўтказилганлигини билдирган. Маълумки, икки томон ўртасида сулҳ улардан бирининг иштирокисиз тузилиши мумкин эмас.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: