Халқаро қидирувда бўлган Ўзбекистон фуқароси Россияда қўлга олинди
У Фарғонада бировнинг чорвасини сотиб, Россияга қочиб кетган.
Россияниннг Саратов вилояти Озинский туманида фирибгарликда айбланиб қидирувда бўлган 43 ёшли Ўзбекистон фуқароси қўлга олинди. Бу ҳақда The Fourth Estate нашри хабар берди.
Аниқланишича, ушбу ўзбекистонлик фуқаро 2022 йилнинг май ойида Фарғона вилоятида одамларнинг ишончига кириб, чорва сотиб олмоқчи эканлигини айтган. Шундан кейин у, алдов йўли билан чорва молларини ўзи учун олиб, сўнг уларни номаълум шахсларга сотган. Тушган пулни эса ўз эҳтиёжлари йўлида сарфлаб юборган.
Натижада, ушбу фирибгарлик туфайли чорва молларининг дастлабки эгасига 141,9 миллион сўм миқдорида зарар етказилган.
Шундан сўнг, у 2023 йилнинг август ойида Озинский туманидаги назорат-ўтказиш пунктида чегара назоратидан ўтаётган пайтда қўлга олинган ва Ўзбекистоннинг ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига топширилган.
Мазкур фирибгарлик туфайли фуқаро Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми «а» банди, 168-моддаси 3-қисми «б» бандида назарда тутилган жиноятни (фирибгарлик) содир этганликда айбли деб топилган.