15:27 | 14.09.24
Hamkor Reklama Servis агентлиги «1XBET»ни реклама қилгани учун жаримага тортилди.
Тошкент шаҳрида 1XBET букмекерлик товар белгисини намойиш қилган реклама агентлигига жарима қўлланилди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, қўмитанинг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси томонидан ўрганишлар ўтказилган. Унда Hamkor Reklama Servis реклама агентлиги томонидан Тошкент шаҳрининг Юнусобод ва Мирзо Улуғбек туманларида ташқи реклама конструкциялари орқали 1XBET букмекерлик реклама товар белгиси кўрсатилган ҳолатлар аниқланган.
«Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 46-моддасида қимор ўйинлари ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар, шу жумладан телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда ташкил этиладиган қимор ўйинлари ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар рекламасига йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилган.
Шунга кўра, Махсус комиссия томонидан «Реклама тўғрисида»ги қонунининг 46-моддаси талаблари бузилганлиги юзасидан Hamkor Reklama Servis агентлигига нисбатан иш қўзғатилиб, натижаси юзасидан қўмита ваколатлари доирасида қонунчиликда белгиланган тартибнинг максимал миқдорида молиявий жарима қўлланилган. Тўпланган ҳужжатлар жавобгарлик масалаларини кўриб чиқиш учун прокуратура органларига юборилган.
«Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 47-моддасида тақиқланган маҳсулот ва хизматларни реклама қилганлик учун БҲМнинг 100 бараваригача (34 млн сўм) жарима ундирилиши белгиланган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: