8:18 | 18.06.24

                       

Hamster тангалари олди-сотдиси билан шуғулланганлар жавобгарликка тортилади

«Hamster kombat ўйини оддий ўйин бўлиб, ундан ҳозирги кунда ҳеч қандай моддий манфаат кўриш иложи йўқ». Hamster тангалари олди-сотдиси билан шуғулланганлар жавобгарликка тортилади.

Hamster kombat ўйини тангалари олди-сотдиси билан шуғулланиш жавобгарликка сабаб бўлади.

Маълум қилинишича, аксарият кишилар айниқса ёшлар орасида Hamster kombat оммалашиб улгурди. Мазкур ўйин қоидасига кўра, телефон экранида кўринадиган сичқонча орқали тангалар йиғиб, сўнгра улардан даромад топиш мумкин экан. Бу қанчалар тўғри эканлиги юзасидан мутахассис маълумот берди.

«Hamster kombat ўйини оддий ўйин бўлиб, ундан ҳозирги кунда ҳеч қандай моддий манфаат кўриш иложи йўқ. Ушбу ўйинни ўйнаш орқали топланган Hamster тангачаларини олди-сотдиси билан шуғулланиш мумкин эмас. Hamster тангачалари бозорга маълум қиймат билан чиққандан сўнг, уни сотиш ва сотиб олиш мумкин», — деди ИИВ Тезкор қидирув департменти Киберхавфсизлик маркази ходими.

Маълумотларга кўра, айни пайтда 60 миллиондан ортиқ киши ушбу ўйиндан фойдаланмоқда. Мутаххасиснинг таъкидлашича, Hamster тангачалари Криптон бозорида сотиладиган акциялар рўйхатига киритилганда сотиш, сотиб олиш ва айриб олиш жавобгарликни келтириб чиқаради.

«Ҳуқуқбузарлик содир этилганда, Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 155-моддасига асосан биринчи марта содир қилинганда содир этиш қуроли мусодара қилиниб, 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси қўлланиши мумкин. Мазкур кодексда маъмурий қамоқ жазоси қўлланилмайдиган шахсларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравардан 30 бараваригача жарима жазоси тайинланади. Ҳуқуқбузарлик 1 йилда 2 мартга содир этилса, Жиноят Кодексининг 278-моддасига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваригача жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилиши мумкин», — деди Киберхавфсизлик маркази ходими.

Ушбу ўйинга иқтисодчи Валижон Тўрақулов ҳам ўз муносабатини билдирди.

«Умуман олганда ҳар қандай осон топиладиган пул орқасида жиноят ётади, агар ўша топилаётган пул қиймати бўлмаса. Қиймат бу қанақадир хизмат қилинмасдан пул топилса, қанақадир фикр берилмасдан пул топилсадир. Ҳозир гапираётган ўйнимизда ҳеч қандай қиймат йўқ. Телефон экранини кўпроқ босиш орқали пул қилинади. Йўқ, бу нарса ҳеч қачон пул олиб келмайди. Бунинг ортида нимадир бор», — деди иқтисодчи.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: