15:42 | 18.10.24
Тошкентда халқаро маданий мерос ҳафталиги бошланди
Тошкент 18-26 октябрь кунлари юзлаб олимларни бирлаштириб, халқаро маданий мулоқот марказига айланади. Ҳафталик доирасида 20 дан ортиқ давлатдан ташриф буюрган турли нуфузли ташкилотларнинг 100 дан ортиқ олимлари маърузалари тингланади.
Маданий мерос ҳафталигида Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази Илмий платформасининг «Исломдан аввалги давр цивилизациялари» экспозициясини такомиллаштиришга йўналтирилган 100дан ортиқ лойиҳаларнинг тақдимотини ўтказиш белгиланган. Буюк ипак йўли ва Ўзбекистон билан боғлиқ тарихий мавзулар бўйича видеоўйинлар яратиш, «Ўзбекистон ҳудудидаги илк петроглифлар» каталогини чоп этиш, «Ўзбекистон шаҳарсозлиги тарихи» медиалойиҳаси, «Темурийлар даври қуръон қўлёзмалари факсимиле нусхаларини яратиш», «Амир Темур набирасига атаб кўчиртирган Қуръоннинг факсимилесини тайёрлаш», Қуръон залида 24 соат тиловат қилинишини жорий этиш, Қуръон матнларини ўрганишда сунъий интеллектдан фойдаланиш: ислом маънавий меросига янги инновацион ёндашувлар, «Халқаро Қуръон хаттотлиги» фестивалини йўлга қўйиш каби муҳим аҳамиятга эга бўлган лойиҳалар режалаштирилган. Шунингдек, ҳафталик давомида Ўзбекистон маданий меросига оид муҳим тадқиқотларнинг натижаси эълон қилиниши кутилмоқда.
Тошкентда кўргазмалар ташкил этилади. Ўзбекистоннинг бой тарихий ва маданий меросига бағишланган ноёб экспозициялар Темурийлар тарихи давлат музейи, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона ва Ўзбекистон тарихи давлат музейининг Тошкент филиалида намойиш этилади.
Илмий доира вакиллари ва расмийлар иштирокида мавзуга оид форумлар ўтказилади. Маданий мерос ҳафталигининг ҳар бир куни исломгача бўлган даврдан бошлаб Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс давригача бўлган даврларга бағишланади.
Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган «Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази» мега лойиҳаси тақдимоти ҳафталикнинг муҳим қисми бўлади. Маданий мерос ҳафталиги иштирокчилари қурилаётган Ислом цивилизацияси маркази биносига ташриф буюриш ва у ерда хорижий ҳамкорлар билан биргаликда ноёб илмий лойиҳалар тақдимоти ўтказиш учун ноёб имкониятга эга бўладилар. Шунингдек, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) аъзолари иштирокида ташкил этиладиган Марказнинг музей залларида мавзули кўргазма ва экспозициялар очилади.
Умуман олганда, Маданий мерос ҳафталиги Самарқандда ўтказилган VIII Конгресс доирасида бошланган ва тасдиқланган бир қатор йирик лойиҳаларнинг мантиқий давоми ҳисобланади. Эндиликда, ушбу лойиҳаларни ишлаб чиқиш жараёни бошланмоқда.
Тошкентда бошланган маданий мерос ҳафталиги «Шарқ Ренессанслари феномени: салтанатлар, динлар, шахслар ва тамаддунлар» деб номланади. Ушбу тадбир доирасида конференциялар, семинарлар, форумлар, кўргазмалар ва тақдимотлар ташкил этилади.
Тадбирда 100 дан ортиқ хорижий олим ва мутахассислар, жумладан, халқаро маданий ташкилотлар раҳбарлари, чет эл музей ва кутубхоналари бошқарувчилари иштирок этиши кутилмоқда. CNN ва Euronews телеканаллари ахборот йўналишида кўмаклашади.
Тошкентда Маданий мерос ҳафталигини ўтказишнинг асосий мақсади халқаро мулоқот ва ўзаро билим алмашишни мустаҳкамлаш, чет эллик ҳамкорлар билан янги қўшма лойиҳаларни тасдиқлаш бўлиб, булар мамлакат маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш учун йўналтирилган. Тадбирлар Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга мувофиқ равишда ўтказилмоқда.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: