22:38 | 08.03.24

                       

Ҳавола юбориш орқали фуқароларнинг пулларини ўзлаштириб келган 20 ёшли йигит қўлга олинди

Гумонланувчи фуқаро фойдаланувчиларга Telegram орқали турли хабарлар (ҳавола) жўнатиб, уларни қизиқтириб, банк карта маълумотларини қўлга киритиб, пулларини ўғирлаган.

Қашқадарё вилояти Миришкор туманида яшовчи 35 ёшли Р.Д. ИИОга мурожаат қилиб, банк картасидан 43 млн 200 минг сўм миқдоридаги пул маблағлари номаълум шахс томонидан ўзлаштирилганини маълум қилган.

Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни Тошкент шаҳри, Яшнобод туманида яшовчи 20 ёшли Н.А. содир этганлиги аниқланган.

Гумонланувчи сифатида тергов органларига жалб этилган Н.А. интернет фойдаланувчиларига Telegram мессенжери орқали турли хил мазмунлардаги хабарлар (ҳавола) жўнатиб, уларни қизиқтириб, банк карта маълумотларини қўлга киритиш орқали банк карталарида сақланган пулларни ўғирлаб, қинғир йўллар билан бойлик орттириб келаётганлиги маълум бўлди.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, Н.А.нинг содир этилиб, фош этилмай қолган бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини текшириш мақсадида тергов, тезкор-қидирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми бандидаги жиноий хатти-ҳаракатлар учун 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: