22:07 | 12.10.23 1472

Хоразмда 2 890 та хонадоннинг бир ойлик истеъмолига тенг электрни ноқонуний ишлатган фуқарога чора кўрилди

Оқибатда давлатга 520 миллион 344 минг сўмлик зарар етказилган.

Бугун, 12 октябр куни Хоразм вилояти Ҳазорасп туманида 2 890 та хонадоннинг бир ойлик истеъмолига тенг ҳажмдаги электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб юрган фуқаро аниқланди. Бу ҳақда «Ўзэнергоинспекция» хабар берди.

Унга кўра, Энергетика вазирлиги ҳузуридаги «Ўзэнергоинспекция» томонидан тегишли органлар билан ҳамкорликда Ҳазорасп туманида ўтказилган назорат тадбирида фуқаро З.О. га қарашли сув насоси электр тармоғига ноқонуний улангани аниқланган. Ушбу фуқаро томонидан қонунга хилоф тарзда 578 минг 160 кВт/соат электр энергияси сарфланган. Оқибатда, давлат ҳисобига 520 миллион 344 минг сўм миқдорида зарар етказилган.

Маълумот учун, ушбу ҳолат бўйича истеъмолчига нисбатан белгиланган тартибда чора кўриш учун тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда катта ҳажмда энергия талаб қилувчи ишлаб чиқаришларнинг кўпайиши ортидан унга бўлган талаб ортиб бориши сабабли, Энергетика вазирлиги аҳолини энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишга чақирган эди.