16:54 | 26.05.23 4321

Хоразмда қайнота жанжал сабаб 33 ёшли келинини пичоқлаб ўлдирди

Мазкур ҳолат юзасидан қайнотага нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилган

Хоразм вилоятида қайнота 33 ёшли келинини пичоқлаб ўлдирди. 21 май куни соат 21:10 ларда Шовот тумани «Пахтакор» маҳалласида яшовчи 1961 йилда туғилган эркак (қайнота) ва 33 ёшли келин ўртасида ўзаро жанжал келиб чиққан.

Жанжал оқибатида қайнота ошхона пичоғи билан келинининг кўкрак соҳасига бир маротаба уриб, пичоқлаган. Келин воқеа жойида вафот этган.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, мазкур ҳолат юзасидан қайнотага нисбатан Жиноят кодексининг 97 моддаси 1 қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи процессуал тартибда ушланиб, айбланувчи шахсга нисбатан «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.