13:32 | 14.08.24
Хоразмда фарзандлари олиб қўйилган она ўз жонига қасд қилмоқчи бўлди. Aёлнинг фарзандлари Тошкентдан топилган.
Хоразмда онасидан яшириб қўйилган болалар Тошкент шаҳридан топилди. Бу ҳақда МИБ Ахборот хизмати раҳбари Фаррух Тошпулатов Bugun.uz’га хабар берди.
Маълум қилинишича, Хоразмда эр хотин ажрашгандан сўнг, 2019 ва 2020 йилларда туғилган фарзандлар ота билан қолган. Аёл ота уйига қайтиб кетган. Орадан маълум муддат ўтгач, ота фарзандларини ўз тарбиясига олиш юзасидан судга ариза берган.
Суд эса фарзандларни она тарбиясига бериш юзасидан қарор чиқарган. Мазкур суднинг ижро ҳужжати Бюронинг Шовот тумани бўлими иш юритувига келиб тушган ва давлат ижрочиси томонидан ижро ҳаракатларига киришилган.
Маълумотларга кўра, oта қарорни амалда қилишдан бош тортиб, фарзандлари билан турли хил жойларда яшаб келган. Ижтимоий тармоқларда эса она бу ҳолатдан норози бўлгани сабабли ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган видео тарқалган.
Олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари натижасида ота Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманидаги қурилиши тугалланмаган ҳовлида устачилик билан шуғулланиб келиб, фарзандларини ҳам ёнида олиб юрганлиги аниқланди. Улар Хоразм вилоятига олиб келиниб, фарзандлар соғ-саломат она тарбиясига топширилган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: