10:11 | 22.09.24
Хоразмда тарбиячи болаларни қарғаган видеосини адашиб ота-оналар гуруҳига жўнатиб юборди (видео).
Ижтимоий тармоқларда Хоразм вилояти Қўшкўпир туманидаги боғчаларнинг бирида тарбиячиларнинг болаларни қарғагани акс этган видеолавҳа тарқалди. Ҳолат Хоразм вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ишчи гуруҳи томонидан ўрганилди.
Унга кўра, видеолавҳада акс этган ҳолат жорий йил 18 сентябрь куни Қўшкўпир туманидаги 39-сон давлат мактабгача таълим ташкилотида содир бўлган. Ўрганиш давомида мазкур Давлат мактабгача таълим ташкилотининг 2-ўрта гуруҳ тарбиячиси М.Б. ўзининг мобил қурилмасида тарбияланувчилар билан шуғулланаётиб, жараённи видеотасвирга олгани ва бехосдан шу гуруҳ ота-оналари учун очилган махсус Telegram гуруҳига жойлагани аниқланди.
Ишчи гуруҳ томонидан ташкилот ходимлари ўртасида содир бўлган ҳолат юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилиб, қайта шундай ҳолатлар содир бўлса қонуний чора кўрилиши юзасидан огоҳлантирилди.
Ҳолатга сабабчи бўлган тарбиячи М.Б. эса қилган ишидан пушаймон эканини билдириб, мазкур гуруҳ ота-оналаридан узр сўраган ва ўз хоҳишига кўра ишдан бўшаган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: