15:18 | 16.02.24

                       

Хоразмдаги педофиллар жазони ўташ учун қамоққа эмас, манзилли колонияга юборилгани айтилмоқда

Хоразмда меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари билан бир неча бор жинсий алоқа қилган амалдорлар жазони ўташ учун қамоққа эмас, манзилли колонияга юборилгани айтилмоқда. Аввалроқ суд уларга узил-кесил 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлагани маълум қилинган эди.

Хоразмда меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари билан бир неча бор жинсий алоқа қилган амалдорларга озодликни чеклаш жазоси тайинлангани ҳақида хабар берилган эди. Меҳрибонлик уйи раҳбари эса 5 йил озодликдан маҳрум қилинган.

Кейинчалик Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида А.М. ва А.Қ. га оид жиноят ишини апелляция тартибида янгидан кўриб чиқиш бўйича суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилган. Хабарга кўра, жиноятчиларнинг ҳар бирига тегишли моддаларга асосан узил-кесил 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Суд ҳукми ҳужжати билан танишган Инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти раиси Абдураҳмон Ташановнинг маълум қилишича, ўша куни бўлиб ўтган брифингда ҳуқуқ тизими катталари бир «кичкинагина» эпизодни яшириб кетган. Яъни, педофиллар жазони ўташ учун қамоққа эмас, манзилли колонияга юборилган. Бундан ташқари, уларнинг дастлабки суддан бери уйларида ўтказган вақтлари жазо муддатидан чегириб ташланган.

Фото: Facebook / Абдуракҳмон Ташанов

«Қозиларимиз шу қадар айёр эканки, жамоатчиликни ъпедофиллар узил-кесил 3 йил қамоқда ўтирадиъ деган гапга ишонтирган экан. Аслида эса улар бор-йўғи 2 йилдан кўпроқ манзил колонияда ўтиришади, у ердаги барча шарт-шароитлардан фойдаланишади.

Биз бекорга шунча бақир-чақир қилибмиз. Педофиллар, педофилия жиноятлари ҳақида гапирган вақтимизни илм олишга сарфлаганимизда, ‘Султон суягини хорламас’, ‘Қарға қарғанинг кўзини чўқимас’ деган нақлларнинг мағзини чаққан бўлардик», — дейди Абдураҳмон Ташанов.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: