Хоразмнинг барча боғча ва мактаблари филтрланган ичимлик суви билан тўлиқ таъминланади — Шавкат Мирзиёев
Президент бу ҳақда Урганчда ўтказилаётган учрашувда айтиб ўтди
Хоразмнинг барча боғча ва мактаблари филтрланган ичимлик суви билан тўлиқ таъминланади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев Хоразмда ўтказилаётган йиғилишда маълум қилди.
Бугун, 13 июн куни Урганчда Шавкат Мирзиёев фаоллар билан учрашув ўтказди. Учрашувда президентликка номзод сайловчиларни ўзининг сайловолди дастури билан таништирди.
Хоразмнинг барча боғча ва мактаблари филтрланган ичимлик суви билан тўлиқ таъминланади, – деди Шавкат Мирзиёев
Шунингдек, 2030 йилга қадар мактабгача таълимга бўлган эҳтиёж тўлиқ қопланади ва қамров ҳозирги 79 фоиздан 100 фоизга етказилиши ва шу мақсадда, қарийб 2 триллион сўм маблағ ҳисобига 500 га яқин янги боғчалар ташкил этилиши таъкидланди. Келгуси етти йилда замонавий мактаблар барпо этиш, мавжудларининг қувватини ошириш ҳисобига қўшимча 90 минг ўқувчи ўрни яратилиши ва бунинг натижасида вилоятда ўқувчиси 30 нафардан кўп бўлган синфлар қолмаслиги айтилди.
Аҳолининг замонавий уй-жойга ўсиб бораётган талабини қондириш мақсадида, 50 минг хонадонга эга 2 мингта кўп қаватли уйлар барпо этилади. Шу билан бирга, 2030 йилга қадар Урганч, Хива, Питнак шаҳарлари, Гурлан, Тупроққалъа, Ҳазорасп, Боғот, Хонқа ва Янгиариқ туманларидаги 1 миллион аҳоли сув таъминоти яхшиланади. Бунга 100 миллион доллар йўналтирилади, — деб таъкидлади Президент.
Шунингдек, номзод ўтган йиллар давомида амалга оширилган ишлар хусусида айтиб ўтди:
- олти ярим йилда вилоят иқтисодиёти 1,3 марта ўсиб, 32 триллион сўмга етди, аҳоли жон бошига даромад 16,5 миллион сўмдан ошди;
- вилоятда боғчалар қамрови 22 фоиздан 79 фоизга, олийгоҳларда эса 8 фоиздан 38 фоизга кўпайди;
- олдин биргина Урганч давлат университети бўлган бўлса, ҳозирга келиб 5 та давлат, 3 та нодавлат ва 1 та хорижий олийгоҳ фаолият кўрсатмоқда;
- Талабалар сони 5 карра кўпайиб, 46 минг нафарга етди;
- 28 та замонавий шифохона ва поликлиникалар ташкил этилди;
- 500 мингдан зиёд аҳоли яшаётган маҳаллаларга марказлашган тармоқлар орқали сув етказиб берилди, сув таъминоти 2017 йилдаги 52 фоиздан 86 фоизга етди.
Аввалроқ, Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонда 160 та янги боғча қурилиши ва таъмирланиши, 2 мингта хусусий боғча ташкил қилинишини айтиб ўтганди.