14:30 | 20.08.24
«'Текширса – қўрқади, қўрқса – солиқ тўлайди', деган қараш билан иш юрмаслигини ҳамма, айниқса солиқчилар тушуниб етди», — Президент.
Жорий йилнинг ўзида тадбиркорларнинг товар айланмаси ўтган йилга нисбатан 25 фоизга кўпайиб, 986 триллион сўмга етди. Бу ҳақда Нукус шаҳрида президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида маълум қилинди.
Йиллик айланмаси 10 миллиард сўмдан 100 миллиард сўмгача бўлган ўрта корхоналар 2 карра кўпайди.
Айланмаси 100 миллиард сўмдан ортиқ йирик корхоналар эса 2 минг 200 тадан ошди. Бу ҳам ўтган йилга нисбатан 2 баравар кўп бўлди.
Солиқ, банк, молия, бутун иқтисодиёт комплекси «маҳаллабай» ва «мижозбай» ишлашни бошлагани натижасида олдин зарар билан ишлаган 16 минг корхона ярим йилда 6,5 триллион сўм фойдага чиқди.
Бугунги кунда 100 тадан ортиқ ишчиси бор корхоналар 3 мингга яқинлашиб, улардаги иш ўрни бир йилда 440 мингга кўпайди.
Хусусий секторда 5 миллион сўмдан кўп маош оладиган ишчилар 1 миллиондан ошди. Шундан 370 минги 10 миллион сўмдан зиёд ойлик олади.
«Булар тадбиркорларимиз “сояда” ишлашдан кўра қонуний фаолият, соғлом рақобатни манфаатли деб билаётганидан далолат», деди президент.
Тадбиркорлик рейтингида «А» ва «Б» – яхши тоифага кирувчи корхоналар 91 мингга кўпайди, яна 170 минг корхона «Д» – энг ёмон тоифадан чиқарилди. Бунинг ҳисобига солиқ текширувлари ўтган йилга нисбатан 2 карра, жумладан, камерал текширувлар 3 карра қисқарди.
Шу даврда йирик солиқ тўловчилар тушумлари 10 фоизга, вилоят даражасидаги корхоналарда 25 фоизга, туман тадбиркорлари тўлаётган солиқлар 40 фоизга ўсди.
Президент «текширса – қўрқади, қўрқса – солиқ тўлайди», деган қараш билан иш юрмаслигини ҳамма, айниқса солиқчилар тушуниб етганини таъкидлади.
Содда қилиб айтганда, мансабдорлар тадбиркор билан мулоқот қилишга ўргатилиб, бизнес муҳитини яхшилаш бўйича туб бурилиш ясалди.
Олти ойда тўғридан тўғри хорижий инвестиция ҳажми ўтган йилга нисбатан 2 карра ўсиб, 14 миллиард долларга етди.
Бу – инвесторларнинг Ўзбекистонда бизнес қилишга ишончи ортиб бораётганидан далолат.