18:49 | 25.02.23

                       

Ичан-қалъа дунёдаги энг машҳур тўққиз деворли қалъа рўйхатига киритилди

Буюк Британиянинг Wanderlust журнали «Дунё бўйлаб 9 та энг қадимий деворли шаҳар» сарлавҳали мақола чоп этди

Туризм соҳасидаги йўналишларни ёритишга ихтисослашган Буюк Британиянинг Wanderlust журналида «Дунё бўйлаб 9 та энг қадимий деворли шаҳар» сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» агентлиги.

Мақолада бутун дунё бўйлаб қалъа деворлари билан машҳур бўлган 9 мамлакатдаги шаҳарлар ҳақидаги маълумотлар келтирилган.

Девор қалъалар билан ўралган ва ҳозирги вақтгача сақланиб қолинган иншоотлар орасидан Хива шаҳридаги Ичан-қалъа ҳам ўрин олган.

Девор билан ўралган шаҳарлар ичида Колумбиянинг Картагена, Хорватиянинг Дубровник, Марокашнинг Тарудант, Буюк Британиядани Йор, Ўзбекистондаги Ичан-қалъа, Франциядаги Каркассон ва бошқалар жаҳонга машҳурдир, деб ёзади нашр.

Муаллиф асрлар давомида шаҳарлар учун ҳимоя истеҳкоми вазифасини бажарган ушбу тўққиз қалъа бутун дунёда бориб кўриш учун муҳим бўлган жойлар қаторига киришини таъкидлаб, ўзининг ноёблиги ҳамда таъсирчан кўриниши билан кўплаб сайёҳларни ўзига жалб қилишини қайд этган.

Мақолада таъкидланишича, рўйхатнинг бешинчи қаторида қайд этилган Ичан-қалъа Ўзбекистоннинг Буюк Ипак йўлида жойлашган қадимий шаҳарларидан бири — Хивада жойлашган. Ушбу қалъа деворларининг  узунлиги 2 километргача етади ва баландлиги 10 метрдан юқори бўлган улкан миноралардан иборат.

«Қалъа ичидаги кўҳна бинолар жуда яхши ҳолатда бизгача етиб келган. Тадқиқотчилар учун улкан илмий манба, саёҳлар учун эса масжидлар, саройлар ва минораларга эга бўлган ушбу маскан жозибали ва экзотик манзилдир», деб ёзади муаллиф.