19:25 | 26.06.24
ИИБ биносида вафот этган эркакни ходимлар уриб ўлдиргани айтилмоқда. Акаси уларни қандай калтаклашгани, юраги тўхтаб қолганида ҳам тез ёрдам чақиришмаганини айтиб берди (видео).
Бекободда ИИБ биносига олиб кетилган эркак вафот этгани ҳақида хабар берилган эди. Тошкент вилояти ИИББ ахборот хизмати фуқарони ИИБга кириш йўлагида соғлиги ёмонлашиб ҳушини йўқотганини айтган.
«Ходимлар фуқарони хизмат автомашинасида шаҳар шифохонасига олиб борганлар. Тиббиёт бирлашмаси ходимлари томонидан кўрикдан ўтказилган вақтида Дилмурод Юсупвалиев вафот этгани аниқланган», дейилган эди хабарда.
Шундан сўнг, ИИВ ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов ҳолат юзасидан муносабат билдирди. У ўз муносабатида эркакнинг тиббиёт масканига олиб борилганда вафот этганини айтган.
BBC нашрига кўра, оиласи Дилмуроднинг ИИБ ходимлари томонидан аёвсиз калтакланиб ўлдирилганини даъво қиляпти. Ўлим қайдномасида жасадда ингичка ичак ва қорин бўшлиғи органлари жароҳатлари борлиги маълум қилинган.
«Дилмурод укам ёшлигидан спортга кўп қизиқарди. 43 ёшга кирган эди. Суд бошлангандан у ҳам ғазабда нимага укамизни ҳам уриб, ҳам қамаб юборди деб бирга юрдик. Уйида 4та фарзанди қолди отасиз. Энг кичиги 8 ойлик ўғли эди. 19 куни суд ҳукми ўқилиши керак эди. 18 июнь куни музокарага ўтирилди. Ўшанга 4га чақиртирилдик. Энди укам Юсупвалиев Ҳусан бу судда ҳам жабрланувчи, ҳам айбланувчи. Укам Юсупвалиев Бунёд жабрланувчи. Бундан ташқари, ўша бостириб келган 7 та шахс ҳаммаси айбланувчи ва уларни ичида биттаси кўзим чиқиб кетди деганини жабрланувчи қилиб ўтирғизишди терговчилар. Аслида кўзи чиқмаган бўлган уни. Видеолари ҳам бор, гувоҳлар ҳам бор. Ўша куни суд жиноий гуруҳ аъзоларига 4 йилдан 5 йилгача жазо беряпти, укам Юсупвалиев Ҳусанга эса 7 йил қамоқ жазоси. 9 йил берди, ундан аввал 2 йилу 1 ой ўтирганини минус қилиб, 7 йил қамоқ жазоси тайинланди Юсупвалиев Ҳусан укамга», — деди марҳумнинг акаси Юсупвалиев Дилшод.
«Бундан асаби бузилган дадам ўрнидан туриб, ‘Нимага ноҳақлик қилябсан, бу 2021 йили 2 йилу 1 ой ўтирди. Ундан кейин буни аппеляция станциясида эҳтиёткорлик чорасини ўзгартириб, озодликга чиқариб юборди. Сен яна 7 йил қамоқ билан берябсанʼ деб айтди. Шундан кейин бир бола келиб, дадамни қўлидан ушлаб, ўтир жойингга деб сансираб гапирди. Дилмурод турдида, сансирамаслигини, ундан неча ёш катталигини айтди. Кейин Дилмуродга ёпишди. Дилмуродга ёпишгандан кейин орқасидан мен ҳам турдим. Кўчага чиқябмиз. Кўчага чиққанда, судраб кетаётганда мен қўлини қўйворишини, ўзим олиб кетишимни, ҳеч кимни уриб, сўкмаганлигини айтдим. Суд ҳукмига норозилик билдиришга ҳаққи бор деб айтсам, мени қўлимдан ҳам ремени билан бир тортиб, қўйворди. Суд ИИБни олдида, иккаласини катта йўл ажратиб туради. Мен ҳам Дилмурод укамни орқасидан бордим. ИИБ ичкарисига кирганимдан кейин, менга 3 таси ёпишиб, қўлимни қайиришди. Кейин ИИБ ичкарисига олиб киришди, ўша ердаги ИИБни тилида ‘ноловка’, 4Х4 кичкина хонасига олиб киришди. Ўша ерга боришимиз билан, Дилмуродни урди 4-5 таси. 4 таси тепди, 1 таси эса орқасидан дубинка билан урди. У йиқилди. Мени тепди учтаси. Умумий 8 та киши эди. Дилмурод биринчи йиқилиб тушиши билан, тез ёрдам чақиришни сўраб, қаттиқ тепишганлигини айтди. Мен ён бошим билан йиқилганимдан кейин ўрнимдан тураман десам мушт тушди қулоғимга бир марта. Дилмурод бақирган эди, 3-4 таси қўл билан оёғидан кўтариб, эшикни олдига олиб боришди. У ерда эса яна тепишди. Тепгандан кейин соғлигим ёмонлашиб қолди. Бу ерда тез ёрдам чақиришларини сўраябман. Телефон қил десам, ҳаммаси томоша қилиб турибди. Кўчага югириб чиқиб телефонимни олдим. Тез ёрдамга телефон қиламан десам, орқамдан иккита ИИБ ходими чиқибди, ‘нега чиқиб кетдингиз, ичкарига киринг’ деб. Телефонимдан ўша ерда амакиларим бор эди, уларга бердим. Ичкарига кирдим, у умуман ўзида эмас. Тез ёрдамга телефон қилишини яна илтимос қилдим. Mиллиция бошлиғи тушиб келди. Нимага бақирябсиз деб сўради. Укам билан мени уриб ташашганини, укам маззаси қочгани учун тез ёрдам чақиришини сўрасам, чақирмаганликларини айтсам, миллиция бошлиғи ‘улар урмаганку, бу ерда камера бор, камера бор жойда урадими булар’ деб менга кулиб турибди. Кейин Дилмурод укамни бориб, юзини ушладим. Юзи яхтак, кўкарган. Юрагини массаж қилаётганимда таниш терговчи Сардор исмли бола келиб, плусларини ўлчади. Плус йўқ. Ўша вақтда вафот этиб бўлган эди. Шу пайтда чақир деб бақирганимдан кейин, миллиция бошлиғи қимирлаб, телефон қилишини айтди. Тез ёрдам йўқ. Биринчи олиб келган ИИБ ходимлари ҳаммаси кетиб юборган. Мен телефонга чиқиб кетган пайтимда улар плусларини ўлчаб, вафот этганини билиб бўлган экан. Сабаби, мен қайтиб кирганимда, улар йўқ эди. Кейин ИИБ хизмат машинаси орқа ўриндиғига ётқиздик, мен бораман десам мени олиб қолди. Шу билан мен бу ерда 3 соат ўтирдим. ИИБ ходимларига шифохонага телефон қилиб беришларини сўрасам, телефон қилишмади. Мени ИИБ хонасида Тушунтириш хати ёзиб беришим учун 3 соат олиб ўтиришди», — деди марҳумнинг акаси.
Дилмурод Юсупвалиевнинг ўлим қайдномасида ингичка ичак жароҳати ва қорин бошлиғи органлари жароҳати қайд этилган.
«Укам ўлими юзасидан текширувлар олиб бориляпти дейишяпти. Лекин, сусткашлик бўляпти. На республика прокуратураси, на Ички ишлар вазирлиги текширув олиб боришаётганидан хабарим йўқ. Вилоят прокуратураси олиб боряпти деб эшитдим. У ҳам жуда сусткашлиш қиляпти. Ўша бир гуруҳ ИИБ ходимлари томонидан ўлдирилган бўлса ҳам, жуда сусткашлик билан иш олиб боришяпти. Мен улар ишидан қониқмаябман. Шахсан ўзим менда травма бор, қулоқ пардаси йиртилган. Баданимда кўкарга жойлар бор. ИИБ томонидан менга маълумот берилиши бўйича, биттасини қамашибди, 4 тасини жиноий жавобгарликка тортишибди. Мен ИИБ раҳбари билан кўришганимда, 4 та киши эмас эди. 8та эди улар. Мен уларни ҳаммасини қаерда яшашини аниқлаябман. Агар ИИБ ходимлари чора кўришмаса, бунга ўзимиз чора кўриш ҳақида қариндошлар билан келишиб қўйганмиз. Агар ИИБ шундай яшириб, ходимларини ҳимоя қилиб юраверса, ўзимиз чора кўрамиз», — деди у.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: