16:45 | 21.06.24
ИИВ ички ишлар бўлимида вафот этган эркакнинг яқинларига таъзия билдирди. Ҳолат юзасидан суриштирув ишлари бошланди.
Тошкент вилоятида ИИБ биносига олиб кетилган ака-укалардан бири вафот этгани ҳақида хабар берилган эди. ИИВ ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, Бекобод шаҳар Жиноят ишлари бўйича судида жамоат тартибини бузган фуқароларнинг ҳуқуқбузарлик ҳаракатларини расмийлаштириш жараёнида, Бекобод туман ИИБга олиб келинган фуқаролардан бирининг соғлиғи ёмонлашиб, тиббиёт масканига олиб борилганда вафот этгани юзасидан Ички ишлар вазирлиги томонидан прокуратура органлари билан ҳамкорликда ўрганиш ишлари амалга оширилмоқда.
Ҳозирда воқеа содир бўлган жойларда мавжуд бўлган барча видеоёзувлар олинган бўлиб, гувоҳлар ҳамда воқеа иштирокчиларнинг кўрсатмалари текширилмоқда, тегишли судга оид экспертизалар тайинланган.
«Ички ишлар органлари билан боғлиқ ҳолатда одам вафот этиши, юзага келган вазиятдан қатъи назар, фавқулодда ҳолат сифатида кўрилади ва воқеанинг барча иштирокчиларини, шу жумладан, ҳар бир ходимнинг ҳаракатлари синчковлик билан, тўлиқ ва холисона ўрганилиши таъминланади», — дейди Шоҳрух Ғиёсов.
Шунингдек, Ички ишлар вазирлиги ва шахсий таркиби номидан вафот этган фуқаронинг яқинларига таъзия билдирилди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: