10:18 | 17.06.23

                       

Иншоотлар қурилишида автотураргоҳлар киши бошига кўра лойиҳалаштирилади

Бунда Тошкент шаҳри ва вилоятида бир хонадонга битта автотураргоҳ ўрни берилади

Жорий йилнинг 16 июн куни АОКАда ўтказилган брифингда шаҳарсозлик норма ва қоидаларига киритилаётган янгиликлар ҳақида маълумот берилди.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Саидносир Усмоновнинг таъкидлашича, Тошкент шаҳри ва пойтахт вилоятида бир хонадонга битта автотураргоҳ ўрни, бошқа вилоятларда эса икки хонадонга битта автотураргоҳ бўлиши назарда тутилмоқда.

Мактаб ва боғчаларда 25 нафар болага битта, олий таълим муассасаларида тўрт нафар талабага битта, шифохона ва поликлиникаларда беш нафар қатновчига битта, маъмурий офис, ташкилот ва хўжалик муассасалари биноларининг 10 метр квадрат қисмига битта, масжидларда 10 нафар ташриф буюрувчи учун битта, бозорлардаги ҳар иккита савдо жойига биттадан, меҳмонхоналардаги ҳар бешта ўринга биттадан автотураргоҳ бўлиши шартлиги белгилаб қўйиляпти.

Шунингдек, шаҳар ҳудудларидаги  аҳоли турар жойлари ва ишлаб чиқариш биноларини реконструкция қилиш ҳамда мукаммал таъмирлашда уларнинг нормал ишлашини таъминлаш, атроф-муҳитга таъсирини, шу жумладан, мустаҳкамлигини таҳлил қилиш зарурлиги ҳам белгилаб қўйилмоқда.

Жорий таъмирлаш ишларида муҳандислик тармоқларини таъмирлаш талаб этилмаса, иссиқлик, сув, энергия таъминотини тўхтатмасдан амалга ошириш мумкин бўлади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: