19:34 | 29.08.24
«Ипак Йўли» банки бир нечта қонунбузилишна йўл қўйгани учун жаримага тортилди.
Рақобат қўмитаси омонат турлари рекламасида муҳим маълумотлар тўлиқ берилмагани учун “Ипак Йўли” банкига жарима қўллади. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.
Қўмита томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида аниқланишича, ушбу банк томонидан эълон қилинган “Универсал” ва “Миллий” номли омонат турлари рекламасида “Универсал” омонат тури бўйича йиллик фоиз ставкаси 22 фоиз, “Миллий” омонат тури бўйича йиллик фоиз ставкаси 25 фоиз эканлиги ҳақида ахборотлар берилган.
Банкнинг расмий сайтида “Универсал” омонат тури бўйича омонатга қўйилган маблағлар бўйича йилнинг дастлабки 6 ойи учун депозит ҳисобрақамлари ёпилиши муддатига қараб йиллик 14 фоиз ставка ва йилнинг кейинги 6 ойи учун 18 фоиз ставка бўйича қайта ҳисоблаб чиқилиши ҳақида маълумот кўрсатиб ўтилган.
Аммо юқорида келтириб ўтилган реклама воситаларида “Универсал” номли омонат тури ҳақидаги бошқа муҳим маълумотлар тўлиқ берилмаган.
Юқоридагиларга кўра, қўмита махсус комиссияси “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 16- ва 43- моддалари ва “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддаси талаблари бузилиши аломатлари юзасидан “Ипак Йўли” АИTБга нисбатан иш қўзғатиб, натижаси юзасидан белгиланган тартибда молиявий жарима қўллади.
Қўмита қонун бузилиши ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик бўйича кўрсатма ҳам берган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: