14:22 | 28.04.23
Акмал Саидов Болтиқбўйи матбуотига конституциявий ислоҳотларнинг бориши ҳақида гапириб берди
Ўзбекистонда 30 апрел куни конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум бўлиб ўтади. Бўлажак референдум муносабати билан 100 дан ортиқ хорижлик журналистлар жараённи ёритиш учун Ўзбекистонга ташриф буюрмоқда. Улар орасида Латвиянинг «СEГОДНЯ» газетаси журналистлари ҳам бор. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси раисининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов конституциянинг янги таҳриридаги ўзгартиришлар ҳақида айни шу газетага интервью берди.
Конституцияни ислоҳ қилиш зарурлиги ҳақида илк бор Шавкат Мирзиёев 2021 йилда эълон қилган эди. Унинг сўзларига кўра, бундай таклиф мамлакат аҳолисидан тушган. Бу йил овозга қўйилган конституциядаги тузатиш ва қўшимчалар кенг кўламли ўзгаришларни қамраб олган. Бош қонунга ҳаётнинг турли соҳаларига тааллуқли 27 та янги модда киритилиб, умуман, қонун матни 65 фоизга ўзгаради. Унга кўра, Ўзбекистон ижтимоий давлат деб эълон қилинмоқда, президентлик муддати беш йилдан етти йилгача узайтирилмоқда ҳамда парламентнинг мамлакат сиёсий ҳаётидаги роли кучайтирилмоқда.
Акмал Саидов бўлажак ўзгаришлар Ўзбекистон учун нимани англатиши ҳақида гапириб берди.
«Кўпгина мамлакатларда конституциявий ислоҳот, масалан, Россияда бўлгани каби, одатда, президентлар ташаббуси билан амалга оширилади ва бу ислоҳотнинг кўлами ушбу мамлакатлар президентларининг хабарларида берилади. Кейин бу таклифлар бўлажак конституция матни шаклида расмийлаштирилади. Бизники эса бошқачаболди. Ислоҳот ташаббускори «Миллий тикланиш» партияси ва Либерал-демократик партия сиёсий ташкилотлари бўлди» — деди Акмал Саидов.
Саидовнинг сўзларига кўра, сайлов кампанияси давомида ер билан боғлиқ хусусий мулкчиликни тан олишдан тортиб, экологик ҳуқуқларни мустаҳкамлашгача бўлган мамлакат учун зарур бўлган ўзгартиришлар бўйича кўплаб таклифлар билдирилган. Ўзбекистон Орол денгизи билан боғлиқ катта фожиани бошидан кечирганлиги сабабли экология бу ерда муҳим мавзу ҳисобланади.
«Сайловчилардан келган барча таклифларни умумлаштириш учун ўтган йили 20 май куни Конституциявий комиссия тузилган эди. Шундай қилиб, бу ўзгаришлар қуйидан пайдо бўлган ташаббусдир ва бу жуда муҳим. Конституциявий комиссия тузилганидан кейин аҳолидан бошқа таклифларни қабул қилиш мақсадида интернет тармоғида платформалар ташкил этилди. Ҳаммаси бўлиб 60 мингдан ортиқ ғоя келиб тушди ва улар асосида ўзгартиришларнинг биринчи лойиҳаси тайёрланди, кейинчалик у жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Ва мамлакат аҳолиси кутилмаганда ақл бовар қилмайдиган фаоллик кўрсатди: муҳокама натижасида яна 150 000 таклиф тўпланди! Қолаверса, уларнинг 70 фоизга яқинини ёшлар ташкил этади. Бу мен учун жуда ёқимли бўлди. Бу албатта ёшларнинг давлат тақдирига ва ўз тақдирларига бефарқ эмасликларини англатади» – деди Саидов.
Президент Шавкат Мирзиёев ҳам ўз таклифларини билдирди. Масалан, тинчлик даврида ҳам, уруш даврида ҳам ўлим жазосини бекор қилишни конституцияда мустаҳкамлаб қўйиш зарурлигини айнан давлат раҳбарининг ози такидлаган. Шунингдек, таклифларнинг аксарияти инсон ҳуқуқ ва эркинликларига ҳам тегишли эди. Ўзбекистон яқинда бу борадаги 11 халқаро конвенцияга қўшилди.
Маълумот учун, Францияда тинчлик даврида содир этилган жиноятлар учун ўлим жазоси 1981 йилда Миттеран ҳокимият тепасига келганида бекор қилинган. Уруш давридаги жиноятлар учун эса 2004 йилда ўлим жазоси бекор қилинган.
Шунингдек, конституцияга инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар тўғрисидаги низомни киритиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бу нафақат МДҲ мамлакатларида, балки Ғарбий Европанинг кўпгина мамлакатларида ҳам шундай. Янги конституцияда биринчи бўлиб шахс ва жамият тўғрисида сўнгра давлат тўғрисида, яъни ҳокимиятлар бўлинишига асосланган давлат аппаратининг маъмурий-ҳудудий тузилиши ва функциялари ҳақида моддалар бўлади. Конституциянинг адвокатурага бағишланган янги боби ҳам инсон ҳуқуқларини қонунчиликда мустаҳкамлашга хизмат қилади. Принцип шундан иборатки, бу давлат органлари тузилмаси эмас, балки фуқаролик жамиятининг мустақил қуролидир.
«Конституцияда ёшлар ҳуқуқлари бўйича янги боб ҳам бўлади. Қариб бораётган Европадан фарқли ўлароқ, Ўзбекистон аҳолисининг 50 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил этади ва ўсиб бораётган давлатда уларнинг ҳуқуқларига риоя этилиши ниҳоятда муҳим деб ҳисобланади»—дейди у.
Такидланишича, бош қонунга озгартириш киритиш жарайинида БМТга аъзо 193 та давлатнинг конституциявий тажрибаси синчиклаб ўрганилиб, ушбу давлатларнинг мамлакатнинг асосий қонунчилигига оид барча хатолари ҳисобга олинган.
Акмал Саидов ҳақида
Акмал Саидов нафақат сиёсатчи, балки Ўзбекистондаги таниқли ҳуқуқшунос олим ҳамдир. У қиёсий ҳуқуқ, халқаро ҳуқуқ, давлат ва ҳуқуқ назарияси, инсон ҳуқуқлари бўйича мутахассис. Ўзбекистон Фанлар Академиясининг аъзоси.
1994-1996 йилларда А.Саидов Ўзбекистон Республикасининг Франциядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси, Ўзбекистоннинг ЮНEСКОдаги доимий вакили лавозимларида ишлаган. 1997 йилдан — Ўзбекистон Республикаси парламенти депутати. Икки марта – 2007 ва 2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодини қўйган.
Акмал Саидов ўзбек ва рус тиллари қаторида инглиз ва француз тилларини ҳам яхши билади.