18:42 | 08.09.23 2381

«Истеъфога чиқмайсизми, жаноб?». «Сурхон овози» газетасида Улуғбек Иноятов кескин танқид қилинди

«Партия Марказий кенгаши раиси вазифасидан истеъфога чиқсангиз, марднинг иши бўлар эди», дейилади мақолада

«Сурхон овози» газетасининг 2023 йил 5 сентябр куни чиққан 8-сонида Халқ демократик партияси Марказий кенгаши раиси Улуғбек Иноятовнинг муддатидан илгари бўлиб ўтган президентлик сайловидаги иштироки кескин танқид қилиниб, ундан истеъфога чиқиши талаб қилинди.

Фото: «Сурхон овози»

Газетанинг дастлабки саҳифасида Қурбон Жўраназаров исмли муаллифнинг «Бетга айтганнинг заҳри йўқ. Истеъфога чиқмайсизми, жаноб?» сарлавҳали мақоласи эълон қилинди. Унда муаллиф ортда қолган президентлик сайловига тўхталиб, ХДПдан номзод сифатида қатнашган Улуғбек Иноятовни «шунчаки номига кўриниш берганликда» айблаган.

«Улуғбек Илясович, сайлов ҳам кураш майдони. Мард майдонга тушади. Майдонга тушган ор учун ҳалол курашмоғи лозим. Ўшанда элнинг олқишига сазовор бўлади. Рақибдан қўрққан, ҳайиққан майдондан нарироқ юргани маъқул. Қандайдир манфаатни кўзлаб, шунчаки номига кўриниш бериш уят эмасми? Нима қилади, ўзини ҳам, бошқаларни ҳам аҳмоқ қилиб? Кураш майдони қўғирчоқлар томоша кўрсатадиган жой эмас, ахир», дейилади мақолада.

Муаллиф президентлик сайловида фикрлар хилма-хиллиги сезилмагани, сиёсий рақобат муҳити яратилмагани ҳамда «ҳаммаси хамирдан қил суғиргандек силлиққина» кечганини таъкидлаган.

«Беихтиёр аллақайси кинода янграгандек ‘Бағдодда ҳамма ёқ осойишта. Тинчгина яшайверинглар’ деган гаплар хаёлдан ўтади. Бунда президентликка номзод сифатида сиз ҳам, Улуғбек Илясович, муносиб ‘улуш’ қўшдингиз, албатта», дея давом этади муаллиф.

Мақолада, шунингдек, Иноятовнинг сайловолди дастурида «ҳеч қандай янги фикр, ғоя кўринмагани», номзод «қуруқ сафсатадан нарига ўтмагани ва шунга яраша ‘мукофот’ олгани» айтилади.

«Чинакам демократик давлатларда сайловда мағлубиятга учраган партия етакчиси дарҳол ўз хоҳиши билан лавозимидан воз кечади. Улуғбек Илясович, сизнинг сайлов жараёнларидаги бефарқлигингиз туфайли ХДП мавқеига путур етказилди. Партиядошларингиз, қолаверса сайловчилар ишончини оқлай олмадингиз. Шундай экан, партия Марказий кенгаши раиси вазифасидан истеъфога чиқсангиз (Бизда-ку бундай анъана йўқ. Сиз бошлаб берсангиз зап иш бўларди-да.) марднинг иши бўлар эди. Бу менинг шу юрт фуқароси, сайловчи сифатидаги шахсий фикрим. Сиз нима деб ўйлайсиз, жаноб?!», дейилади Жўраназаровнинг мақоласида.

Эслатиб ўтамиз, Иноятов сайловда 4,02 фоиз овоз билан тўртта номзод ичидан фақат Экологик партия вакили Абдушукур Ҳамзаевдан юқорироқ натижани қайд этган эди. 2021 йилда ўтказилган президентлик сайловида эса Халқ демократик партиясидан Иноятов эмас Мақсуда Ворисованинг номзоди кўрсатилган. Партия етакчиси Иноятов буни «халқ аёлларга овоз бериши» билан изоҳлаганди.


Буюк Британия ва Украина Ўзбекистоннинг иккита компаниясига санкция киритди

Буюк Британия ва Украина Ўзбекистоннинг иккита компаниясига санкция киритди

19:41 | 08.12.23 1208
Yandex Go Ўзбекистондаги агрегатор хизматлари бозорида «монополист» деб эътироф этилди

Yandex Go Ўзбекистондаги агрегатор хизматлари бозорида «монополист» деб эътироф этилди

18:19 | 08.12.23 541
Жиззахда тергов ва суд органларидан яширинган 17 нафар шахс ушланди — видео

Жиззахда тергов ва суд органларидан яширинган 17 нафар шахс ушланди — видео

17:32 | 08.12.23 814
Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида метан «заправка»ларнинг иш вақти чекланди

Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида метан «заправка»ларнинг иш вақти чекланди

16:34 | 08.12.23 848
Навоийда 10 нафар жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинди — видео

Навоийда 10 нафар жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинди — видео

15:50 | 08.12.23 1509
Тошкент халқаро аэропортининг учиб кетиш залига кузатувчилар кириши чекланди

Тошкент халқаро аэропортининг учиб кетиш залига кузатувчилар кириши чекланди

15:19 | 08.12.23 706