19:47 | 15.08.24
Кексаларга қараб турилган вақт иш стажига қўшиб ҳисобланиши учун даволаш муассасасининг хулосаси талаб этилмайди.
Сенатнинг 55-ялпи мажлисида «Ижтимоий хизматлар ва ёрдам кўрсатиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатлари кўриб чиқилди.
Маълум қилинишича, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширувчи Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилган. Унинг ҳузурида «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари иш бошлаган.
Шу муносабат билан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ваколатлари, шунингдек аҳолини қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлган қатламларига кўрсатиладиган ижтимоий хизматлар ва ёрдам турларини қонун ҳужжатларида аниқлаштириш зарурияти юзага келмоқда.
Мазкур ҳужжат билан айрим қонунларга Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг зиммасига дафн этиш учун нафақани бериш вазифасини юклаш, унинг хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатларини белгилаш, шунингдек фуқаролик ишлари бўйича судларга ва маъмурий судларга мурожаат қилишда давлат божини тўлашдан озод этиш билан билан боғлиқ ўзгартиришлар киритилмоқда.
Бундан ташқари, Қонун билан киритилаётган ўзгартиришларга мувофиқ ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган 80 ёшга тўлган кексаларга қараб турилган вақт иш стажига қўшиб ҳисобланиши учун даволаш муассасасининг хулосаси талаб этилмайди.
Шунингдек, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексаларга, ёлғиз яшовчи кексаларга ва ногиронлиги бўлган шахсларга ҳомийлик қилиш учун йўналтирилган маблағлар солиқ базасини аниқлашда чегириб ташланадиган харажатлар жумласига киритилиши белгиланмоқда.
Мазкур Қонун ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган аҳоли қатламларининг манзилли ва самарали ижтимоий ҳимоя қилинишини кучайтириш ва ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш ҳамда уларнинг сифатини оширишга хизмат қилиши сенаторлар томонидан алоҳида қайд этилди.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: