13:54 | 09.03.23 523

Жаҳон банки Ўзбекистондаги янги қуёш электр станцияларидан энергия сотиб олиш учун 12 млн доллар ажратади

Шунингдек, у «яшил» иқтисодиётга ўтиш бўйича ҳукумат режаларини амалга ошириш ва энергетика соҳасида декарбонизациялаш жараёнига ҳисса қўшади

Жаҳон банки Ижрочи директорлар кенгаши «Ўзбекистонда қуёш энергетикасини кенгайтириш-2» лойиҳасини амалга ошириш учун 12 миллион доллар миқдоридаги молиялаштиришни маъқуллади. Лойиҳа мамлакатда экологик тоза ва қайта тикланадиган энергия ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш имконини беради.

Жаҳон банки матбуот хизмати хабар беришича, шунингдек, у «яшил» иқтисодиётга ўтиш бўйича ҳукумат режаларини амалга ошириш ва энергетика соҳасида декарбонизациялаш (карбонат ангидрид гази эмиссиясини камайтириш) жараёнига ҳисса қўшади.

Ўзбекистон 2019 йилда Жаҳон банки гуруҳининг Scaling Solar («Қуёш энергетикасини кенгайтириш») дастурига қўшилган. Ушбу дастур доирасида Навоий вилоятида 100 мегаватт қувватга эга қуёш электростанциясини ишга туширган «Ўзбекистонда қуёш энергетикасини кенгайтириш-1» лойиҳаси амалга оширилган.

Бу электростанция лойиҳани амалга ошириш учун тендер орқали танланган хусусий компания томонидан қурилган ва бошқариладиган Ўзбекистондаги биринчи йирик кўламли қайта тикланувчи энергетика объекти бўлди. Ўша вақтда Жаҳон банки ушбу станцияда ишлаб чиқарилган электр энергиясини сотиб олиш бўйича мажбуриятларни бажариш учун банк кафолатини, Халқаро молия корпорацияси (IFC) эса тендерни ташкил этиш бўйича маслаҳат хизматларини ва лойиҳани амалга оширишни молиялаштиришни тақдим этган (IFC ва Жаҳон банки JBG таркибига киради).

Янги «Ўзбекистонда қуёш энергетикасини кенгайтириш-2» лойиҳаси Навоий вилоятидаги юқорида тилга олинган лойиҳанинг муваффақиятига таянади. У Ўзбекистоннинг икки вилоятида умумий қуввати 440 мегаватт бўлган қуёш электростанцияларини ишга тушириш орқали энергия ишлаб чиқариш ҳажмини оширади.

Ўзбекистонда 2021 йилнинг май ойида Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон тумани ва Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида ҳар бири 220 мегаватт қувватга эга иккита янги қуёш электр станциясини давлат-хусусий шериклик доирасида қуриш бўйича тендер ғолиби эълон қилингади.  БААнинг қайта тикланадиган энергия соҳасидаги Masdar компанияси мамлакатда ва Марказий Осиё минтақасида электр энергияси ишлаб чиқаришга энг паст тарифларини таклиф қилган.

Самарқанд ва Жиззах вилоятларидаги қуёш электростанциялари йилига 1,1 миллиард киловатт-соатгача қайта тикланадиган электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлади. Уларнинг ишлаши туфайли йилига ўртача 110 минг тонна ёки уларнинг бутун хизмат даври давомида жами 3,4 миллион тонна карбонат ангидрид эмиссиясининг олди олинади.

Ушбу лойиҳа «Қуёш энергетикасини кенгайтириш» дастури кўмагида амалга оширилмоқда. Унинг доирасида аввалроқ IFC тендер ўтказиш бўйича маслаҳат хизматларини кўрсатган, Жаҳон банки эса станциялар томонидан ишлаб чиқарилган электр энергиясини сотиб олиш бўйича жами 12 миллион долларгача бўлган (ҳар бири учун 6 миллион доллардан) мажбуриятларни бажариши учун банк кафолатларини тақдим этади.

Қуёш электростанцияларини ишга тушириш учун Masdar лойиҳа компанияларига ўз капиталидан 193 миллион доллар инвестиция киритади. Masdar, шунингдек, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Европа инвестиция банки ҳамда Осиё инфратузилма инвестициялари банки томонидан 216 миллион доллар қарз маблағларини жалб қилади.


Тошкент вилоятидаги ҳибсхонада 22 ёшли йигит ўз жонига қасд қилди

Тошкент вилоятидаги ҳибсхонада 22 ёшли йигит ўз жонига қасд қилди

21:29 | 02.12.23 1044
FIFA терма жамоалар рейтингини эълон қилди

FIFA терма жамоалар рейтингини эълон қилди

20:19 | 02.12.23 897
Тошкентда автобус йўлакларидаги қоидабузарликларни камераларга қайд этиш бошланди — видео

Тошкентда автобус йўлакларидаги қоидабузарликларни камераларга қайд этиш бошланди — видео

18:59 | 02.12.23 546
Газланган ичимликларга акциз солиғи – шакарга қарши курашми ёки «қора бозор» импорти учун «яшил чироқ»ми? – Алфия Раҳимовна

Газланган ичимликларга акциз солиғи – шакарга қарши курашми ёки «қора бозор» импорти учун «яшил чироқ»ми? – Алфия Раҳимовна

17:30 | 02.12.23 459
Ўзбекистонда энг арзон ва қиммат палов қаерда сотилиши маълум бўлди

Ўзбекистонда энг арзон ва қиммат палов қаерда сотилиши маълум бўлди

16:49 | 02.12.23 1165
Совет Иттифоқи қатағон қилган Абдулла Қодирий ва 200 га яқин киши оқланди

Совет Иттифоқи қатағон қилган Абдулла Қодирий ва 200 га яқин киши оқланди

12:30 | 02.12.23 953