14:20 | 22.04.23
Жаҳон банки бунинг учун техник кўмак, халқаро билим ва тажриба ҳамда 240 млн доллар миқдорида молиялаштириш тақдим этади
Жаҳон банки Ижрочи директорлар кенгаши «Ўзбекистонда чорвачиликни ривожлантириш. 2-босқич» лойиҳасини маъқуллади. Уни амалга ошириш доирасида мамлакатда маҳсулдор, рақобатбардош, инклюзив ва иқлим ўзгаришига чидамли чорвачилик тармоғини яратишга кўмак берилади.
Жаҳон банки мазкур лойиҳани амалга ошириш учун техник кўмак, илғор халқаро билимлар ва тажриба ҳамда 240 миллион доллар миқдорида молиялаштириш тақдим этади. Молиялаштириш Халқаро тараққиёт ассоциацияси (ХТА)нинг 150 миллион долларлик имтиёзли кредитини (сўндириш муддати 30 йил бўлиб, шундан беш йили имтиёзли давр) ҳамда Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки (ХТТБ)нинг 90 миллион долларлик паст фоизли қарзини ўз ичига олади (сўндириш муддати 24,5 йил бўлиб, шундан 4,5 йили имтиёзли давр).
Чорвачилик миллий иқтисодиётнинг асосий соҳаларидан биридир. Унинг ҳисобига Ўзбекистон ЯИМининг 13 фоизи, қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқарилган ЯИМнинг қарийб 50 фоизи тўғри келади. Ушбу соҳа қишлоқдаги уй хўжаликлари даромадларининг 45 фоиздан 67 фоизгача бўлган қисмини таъминлайди ва барча қишлоқ хўжалиги меҳнаткашларининг қарийб 27 фоизини иш билан таъминлайди. Шу билан бирга, чорвачилик мамлакатдаги барча иссиқхона газлари эмиссиясининг 13 фоиздан ортиқ қисмининг ва қишлоқ хўжалиги чиқиндилари катта қисмининг манбаи ҳисобланади.
Ўтган ўттиз йилда чорвачилик маҳсулотлари етиштириш кўпайган. Бироқ, мисол учун, Россия, Туркия, Қозоғистон каби қўшни давлатлар билан солиштирганда соҳада маҳсулдорлик ҳали ҳам пастлигича қолмоқда. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳали ҳам чорвачилик маҳсулотларига бўлган ички эҳтиёжни қондира олмаяпти. Прогнозларга кўра, 2035 йилга бориб, агар кейинги ўзгаришлар юз бермаса, мамлакатда сут ва гўшт етиштириш ички эҳтиёжнинг мос равишда атиги 59 ва 52 фоизини қондиради.
Ўзбекистонда кичик фермерлар (деҳқонлар) сони қарийб 4,8 миллион кишини ташкил этади. Деҳқон хўжаликларида чорвачиликнинг маҳсулдорлиги фермер хўжаликлари ва агрофирмаларга қараганда анча паст. Сигирларнинг сут маҳсулдорлиги деҳқон хўжаликларида кунига ўртача 3 литр, фермер хўжаликларида 8 литр, агрофирмаларда 20 литр. Замонавий ишлаб чиқариш воситалари, ахборот, технологиялар ва молиядан фойдаланиш имкониятларини яхшилаш деҳқон хўжаликларининг ишлаб чиқариш унумдорлигини ошириш имконини беради.
«Янги лойиҳа ҳукуматга 2022–2026 йилларда Ўзбекистонда чорвачилик соҳаси ва унинг тармоқларини ривожлантириш дастурини амалга оширишга ёрдам беради. Бу, маҳсулот етиштиришни кўпайтириш, маҳсулдорлик ва даромадларни ошириш, чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларнинг бозор, технологиялар ва молиядан фойдаланиш имкониятини яхшилаш, чорвачилик соҳасида экологик ва иқлим ўзгаришларига чидамли ишлаб чиқариш – сотиш занжирларини яратиш, шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлигини яхшилашга қаратилган. Лойиҳа, шунингдек, юқумли касалликларнинг олдини олиш, аниқлаш, уларга жавоб чораларини кўриш ва даволаш мақсадида инсон, ҳайвонот дунёси ва экотизим саломатлиги ўртасидаги муносабатларни ҳисобга оладиган ‘Ягона саломатлик’ концепциясининг мамлакатда кенг жорий этилишига хизмат қилади», — деди Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли.
Юқоридаги мақсадларга эришиш учун лойиҳа қуйидаги тадбирларни амалга оширишга кўмак беради:
1) Чорвачилик соҳасида давлат хизматларини ривожлантиришга инвестициялар. Ушбу йўналиш доирасидаги лойиҳа тадбирлари маҳсулдорликни, рақобатбардошликни, инклюзивликни (айниқса, деҳқонлар ва аёллар ўртасида) ва иқлим ўзгаришига барқарорликни ошириш учун маҳаллий чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга қулай муҳит яратиш мақсадида тегишли давлат институтлари фаолиятини ва қонун ҳужжатларини яхшилашни ўз ичига олади.
Лойиҳа Ўзбекистон Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг бошқарув салоҳиятини оширишга, шунингдек, унинг чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга кўрсатилаётган хизматлари сифатини оширишга имкон беради. Хусусан, миллий ветеринария ахборот тизимини яратиш, лаборатория инфратузилмасини яхшилаш, шунингдек, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ходимларининг малакасини оширишга кўмаклашади.
Лойиҳа бутун мамлакат бўйлаб чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига турли хизматлар, жумладан, ветеринария хизматлари, чорва моллари зотини яхшилаш, иқлим ўзгариши оқибатларига мослашиш бўйича чорвачилик соҳасидаги ахборот-маслаҳат марказлари фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашади.
Лойиҳа шунингдек, бутун мамлакат бўйлаб чорвачилик соҳасидаги илмий-тадқиқот ва инновацион ишланмаларга жалб қилинган давлат муассасалари салоҳиятини ривожлантиришга кўмаклашади. Хусусан, мазкур муассасалар ходимларининг малакасини ошириш, инфратузилмасини яхшилаш тадбирлари амалга оширилади.
2) Бозор ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантиришга инвестициялар, ҳамда, чорвачилик маҳсулотларини сотиш бозорларига чиқиш имкониятларини кенгайтириш. Мазкур йўналиш доирасидаги лойиҳа фаолияти чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларнинг сотиш бозорларига чиқиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида янги бозорлар ва ишлаб чиқариш объектларини қуриш ва мавжудларини реконструкция қилишни ўз ичига олади.
Лойиҳа аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида хориждан жониворлар ва чорвачилик маҳсулотлари олиб кирилиши устидан назоратни яхшилашга кўмаклашади.
Шунингдек, жониворларнинг келиб чиқишини идентификация қилиш, сертификатлаш ва аниқлашнинг миллий тизимини ишлаб чиқиш ва ишга тушириш бўйича тадбирлар амалга оширилади.
3) Чорвачилик соҳасида экологик ва иқлим ўзгаришига чидамли ишлаб чиқариш — сотиш занжирларини ривожлантиришга инвестициялар. Мазкур йўналишдаги лойиҳа фаолияти чорвачилик ишлаб чиқарувчиларининг молиялаштириш манбаларидан фойдаланиш имкониятларини яхшилашга хизмат қилади. Хусусан, ваколатли маҳаллий тижорат банклари уларга соддалаштирилган тартибда кредитлар бериш имкониятига эга бўлади. Улар чорвачилик соҳасида экологик бизнесини ривожлантиришга, корхоналар маҳсулдорлигини оширишга ва иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатувчи технологияларни сотиб олишга инвестиция қилиниши мумкин. Технологиялар чорвачилик ишлаб чиқарувчиларига иссиқхона газлари эмиссиясини камайтириш, ўзларининг ишлаб чиқариш жараёнлари доирасида табиий ва энергия ресурсларидан самаралироқ фойдаланиш имконини беради.