23:35 | 08.08.24
Бандлик вазири 2024 йил якунигача 2,1 млн киши даромадли иш билан таъминланишини айтди
2024 йилнинг 2-ярмидаги тахминий ҳисоб-китобларга кўра, йил тугашига қадар жами 2,1 млн нафар одам даромадли ишларга жойлаштирилади. Бу ҳақда Олий Мажлис қуйи палатасининг йиғилишида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Беҳзод Мусаев хабар берди.
Қайд этилишича, қишлоқ хўжалиги соҳасининг келаётган мавсумий йиғим-терим ишларига салкам 500 минг нафар одам жалб қилинади.
Аҳоли учун туризм масканлари, 68 та ҳудуддаги халқаро автомобил йўлларидаги хизмат кўрсатиш ва савдо объектларини ташкил этиш орқали 500 мингта, йил якунига қадар 656 та кўп қаватли уйлар, янги Ўзбекистон массивлари ҳамда 1 416 та ижтимоий объектларни қуриш ва реконструкция қилишда 60 мингта иш ўрни яратилади.
Шунингдек, йил якунигача 5 мингдан ортиқ инвестицион лойиҳалар ишга туширилиши режалаштирилган. Уларда 197 минг нафар фуқаро доимий иш ўрнига эга бўлади.
Мусаев сўнгги 6 ойда «yangiish.mehnat.uz» электрон платформасига киритилган маълумотлар таҳлил қилинганини, Ўзбекистоннинг 2,9 млн нафар аҳолиси айни вақт доимий, мавсумий ва вақтинчалик ишларда банд эканини маълум қилди.
Таъкидланишича, энг кўп даромадли меҳнатда республика миқёсида жами 1,5 млн нафардан кўпроқ одам ишлайди. Ҳудудлар кесимида ҳисоблаганда Қашқадарёда 446 минг, Андижонда 244 минг, Фаргонада 284 минг, Тошкент вилоятида 293 минг ҳамда Сурхондарёда 247 минг нафарни ташкил этади.
Маълумот учун, бандлик дастури доирасида ташкил этилган иш ўринлари ва банд бўлган аҳолини онлайн режимда кузатиб бориш мақсадида тегишли вазирлик ва идораларнинг электрон маълумотлар базасига интеграция қилинган «yangiish.mehnat.uz» электрон платформаси ишга туширилган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: