18:02 | 17.09.24
Йўл қурилиши, газ ва электр етказиб бериш соҳаларига хусусий бизнеснинг фаол жалб этиш катта самара бериши дунё амалиётидан яхши маълум.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон либерал демократик партияси томонидан жорий йилги сайловларда йўл қурилиши, газ ва электр етказиб бериш соҳасига хусусий бизнесни жалб этиш таклифини узоқни кўзлаган стратегик ташаббус деб аташ мумкин.
Маълумки мамлакатимизда электр энергиясини ишлаб чиқариш тўлиқ давлат тасарруфида бўлиб, эндиликда, буни босқичма-босқич хусусий секторга ўтказиш борасида аниқ стратегик вазифалар белгиланмоқда. Яъни, 2025 йилга келиб 47 фоиз, 2030 йилга келиб 52 фоиз электр энергияси хусусий сектор томонидан ишлаб чиқарилишига эришиш кўзда тутилган. Демак келгусида қуриладиган янги электр станцияларининг аксарияти инвесторлар ҳисобига тўғри келади ва хусусий сектор томонидан қурилади.
Бу эса соҳа инфратузилмаси ва мамлакат иқтисодиёти учун аввало самарали бозор ва рақобат муҳитини юзага келтиради ҳамда аҳоли учун қулайликлар яратишга хизмат қилади. Рақобат натижасида аҳоли учун арзон электр энергияси таъминлаб бериш имконияти пайдо бўлади.
Шунингдек, табиий газ етказиб бериш соҳасига ҳам хусусий бизнесни жалб этиш орқали соҳада рақобат вужудга келишини кузатиш мумкин бўлади. Бу борада мамлакатимизда табиий ва суюлтирилган газни истеъмолчиларга етказиб бериш бўйича монополияни бекор қилиш ва паст босимли газ тақсимлаш тармоқларини бошқаришга хусусий бизнесни жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ишлаб чиқилган тартиб асосида 2024−2025 йилларда хусусий секторга ўтказиш учун «пилот» ҳудудларни аниқлаш ишлари фаол равишда олиб борилмоқда.
Шу жиҳатдан партия ташаббусининг моҳиятида салоҳиятли компаниялар билан музокаралар олиб бориш ва ҳудудлардаги газ тақсимлаш тармоқларини аниқ шартлар асосида хусусий секторга ўтказиш ишларини янада жадаллаштириш ғояси мужассамдир. Бундан ташқари электр энергиясини тақсимлаш ва сотишга инвесторларни жалб қилиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар бажариш устувор вазифа саналади.
Шундай экан, ЎзЛиДеП партияси сайловолди дастуридаги йўл қурилиши, газ ва электр етказиб бериш соҳасига хусусий бизнесни жалб этиш ташаббуси амалий аҳамиятга эга бўлиб, хизмат кўрсатишда юқори сифатни таъминлаш, йўқотишларни олдини олиш, барқарорликни таъминлаш орқали аҳоли турмуш тарзи яхшиланиши ва мамлакат фаровонлигига хизмат қилади.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: