Кампиробод қадимдан тўлиқ Ўзбекистон тасарруфида бўлган — Садир Жапаров
Қирғизистон президенти сув омборидан Фарғона шаҳрига ичимлик суви тармоғи тортилишига муносабат билдирди.
Аввалроқ Фарғона “Кампиробод” сув омборидан ичимлик суви тармоғи тортилиши ҳақида хабар берилганди. Қирғизистон президенти Садир Жапаров мазкур хабар ортидан пайдо бўлган сув омбори аввалдан Қирғизистонга тегишли бўлгани ҳақидаги гаплар юзасидан муносабат билдирди.

Қайд этилишича, Жапаров Кампирободнинг қадимдан Ўзбекистонга тегишли бўлганини таъкидлаган.
«Кампиробод қадимдан тўлиқ Ўзбекистон тасарруфида. Ўтган йили чегара билан биргаликда сув омбори масаласини ҳам ҳал қилдик. Энди келишувга кўра, биз уни 50/50 бошқарамиз. Қирғизистон сув омборининг фақат 10 фоизидан фойдаланади. Қолган қисми эса 100 йиллардан буён Ўзбекистонга оқиб кетади», – дейди у.
Қирғизистон президенти, шунингдек, Фарғона шаҳрига Кампирободдан сув қувури ўтказилиши юзасидан ҳам фикр билдирган.
«Ўзбек томони шундоқ ҳам Ўзбекистонга оқиб ўтаётган сувни қандай усулда олишининг бизга нима фарқи бор? Қувур орқалими, ариқ ёки ҳаводанми — барча ҳаракатлар давлатлар ўртасида мувофиқлаштирилади. ундан буён қирғиз-ўзбек дўстлиги мустаҳкам бўлади», – дейди Жапаров.
Қирғизистон раҳбари оммавий ахборот воситаларини провокацияларга берилмасликка чақирган.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг октябр ойида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида Кампиробод сув омборини биргаликда бошқариш бўйича келишувга эришилганди.
Маълумот учун, Андижон ёки Кампиробод сув омбори 1982 йилда қурилган бўлиб, 1,9 миллиард метр/куб сув сиғимига эга. Мазкур сув омбори Фарғона водийсидаги 273 минг гектарга яқин майдоннинг сув таъминотини яхшилайди, қўшимча 35 минг гектар ерни суғориш имкониятини беради.