11:30 | 22.09.23

                       

Кампиробод сув омборидан Фарғона шаҳрига ичимлик суви тармоғи тортилади

Шунингдек, Фарғона «ақлли шаҳар» тизими асосида рақамлаштирилади.

Фарғона шаҳрига Кампиробод сув омборидан тоза ичимлик суви тармоғи тортилади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги

Қайд этилишича, Фарғона вилоят ҳокими Хайрулла Бозоров бошчилигидаги делегация ҳудудлараро инвестициявий, савдо-иқтисодий, ижтимоий соҳалардаги ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш мақсадида Хитой Халқ Республикасига ташриф буюрган. Амалий ташриф давомида жами 32 та, шундан умумий қиймати 1,37 миллиард доллар бўлган 29 та инвестициявий келишув ва савдо шартномалари имзоланган.

Жумладан, вилоятдаги ижтимоий муассасаларни қуриш ёки капитал реконструкция қилиш ҳамда Кампиробод сув омборидан Фарғона шаҳрига тоза ичимлик суви тортиш лойиҳалари борасида Хитойнинг SINOMASH холдинги билан дастлабки келишувларга эришилган.

Ушбу лойиҳаларга Хитой молия муассасалари томонидан камида 20 йил муддатга 300 миллион долларгача миқдорда ёки эквивалентида долларда йиллик 3 фоизгача бўлган кредит ажратилиши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, делегация томонидан Zhiyuanhui Information Technology Inc. компанияси билан Фарғона шаҳрида «ақлли шаҳар» тизими асосида рақамлаштириш юзасидан дастлабки келишувларга эришилган. Хитой томони бу лойиҳани 2 та МФЙ ҳудудида синов тариқасида беғараз амалга ошириб бериши билдирилган.

Ташриф давомида келишувга эришилган 12 та компания раҳбариятининг 2023 йил сентяброктябр ойларида Фарғона шаҳрига етиб бориши режалаштирилган.

Вилоят делегацияси Хитойга ташрифини якунлаб Фарғонага қайтиб келган.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг октябр ойида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида Кампиробод сув омборини биргаликда бошқариш бўйича келишувга эришилганди.

Маълумот учун, Андижон ёки Кампиробод сув омбори 1982 йилда қурилган бўлиб, 1,9 миллиард метр/куб сув сиғимига эга. Мазкур сув омбори Фарғона водийсидаги 273 минг гектарга яқин майдоннинг сув таъминотини яхшилайди, қўшимча 35 минг гектар ерни суғориш имкониятини беради.