15:29 | 27.08.24
Қозоғистоннинг Kaspi.kz молия технологиялар компанияси «Humo» тўлов тизими хусусийлаштирилишида иштирок этиш истагини билдирди.
Kaspi.kz томонидан ушбу хусусийлаштириш жараёнига Давлат активларини бошқариш агентлигининг халқаро консултанти сифатида жалб қилинган Delloite’га расмий қизиқиш хати юборилган.
Ломтадзенинг сўзларига кўра, Kaspi.kz нақд пулсиз тўловлар ўсишига ҳисса қўшадиган тўлов технологиялари ва хизматларини ривожлантириш бўйича катта тажриба олиб кириб, жорий «Humo» бизнес моделини ривожлантиришни режалаштиряпти.
Унинг қўшимча қилишича, Kaspi Ўзбекистонда технология ва ходимларга «катта сармоя» киритиш ниятида, бу «Humo» тўлов хизматларини барча иштирокчилар учун янада самарали ва қулайроқ қилади.
«Ушбу сармоя ‘Humo’нинг ривожланишига қўшимча жадаллик бахш этади, технологик имкониятларини кенгайтиради ва инновациялар учун намуна бўлади. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистоннинг сармоявий жозибадорлиги янада ошишига олиб келади ва мамлакат иқтисодиётига хорижий инвестицияларни жалб этишнинг ўсиши учун ҳаракатлантирувчи омил бўлади», — деди Ломтадзе.
Маълумот учун, 2024 йилда Kaspi.kz АҚШнинг NASDAQ фонд биржасида IPO ўтказди ва бу сўнгги икки йил ичидаги энг йирик оммавий таклифлардан бирига айланди. Айни пайтда компаниянинг капиталлашуви тахминан 24 миллиард долларни ташкил этади.
«Humo» тўлов тизими ҳақида
«Миллий банклараро процессинг маркази» АЖ – банк тўлов карталарига асосланган «Humo» тўлов тизими Ўзбекистонда ва хорижда операцияларни амалга оширишга мўлжалланган бўлиб, Ўзбекистон тўлов тизимининг таркибий қисми ҳисобланади. Жамият тўлов тизимининг оператори фаолиятини амалга оширишга доир Марказий банкнинг тегишли лицензиясига эга. Устав капитали: 155,4 млрд сўм;
Айни пайтда 27 миллиондан ортиқ «Humo» карталари чиқарилган бўлиб, 210 мингдан ортиқ терминал ва 6,4 мингдан ортиқ банкоматлар ўрнатилган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: