9:49 | 23.06.24
«Кўча» судини ёритаётган журналист ИИБга чақирилди. У «Бахти Ташкентский» давлат ташкилоти вакиллари «кўча»ни тартибга солишни сўраганинини айтган видеосини эълон қилган.
Ўзбекистонда «қонундаги ўғри — Бахти Ташкентский» мақомини олган Бахтиёр Қудратуллаев ва 36 нафар айбланувчи бўйича бошланган суд мажлисини ёритиб бораётган «Дарё» журналисти ИИБга чақирилди.
Маълум қилинишича, 22 июнь куни ички ишлар идорасига чақирилган журналистдан тушунтириш хати олинган.
Журналист билан мулоқот қилган ходим очиқ судда янграган маълумотни сайтда ёритгани учун гумонланувчи саналаётганини билдирган. Шу сабаб ЖИБ Шайхонтоҳур туман суди раиси Толибжон Обидов томонидан тақдимнома киритилганини айтган. Аммо журналист шикоят нусхаси билан таништирилмаган.
Маълумот учун, Отабек Қўлдошев 2024 йилнинг 3 июнь куни бўлиб ўтган судда қатнашган. Ўшанда Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Абидов очиқ суд бўлишини эълон қилганди. У Бахтиёр Қудратуллаевнинг қамоқдан чиққанидан сўнг, давлат ташкилоти вакиллари унга алоқага чиқиб, мамлакатда ёшлар, спортчилар орасида пичоқбозлик кўпайиб кетаётгани учун «кўча»ни тартибга солишни сўраганини айтганини ёзган. Таҳририят бу гапларнинг исботи сифатида суд жараёнида тасвирга олинган видеони ҳам эълон қилган.
«Бахти Ташкентский» ва 36 нафар айбланувчи бўйича бошланган суднинг 2024 йил 10 июнь куни давом этган мажлисида журналистларнинг видео ҳамда аудиомаълумотлар олишига чек қўйилди. Бу ҳақда суд раисининг ажрими ҳам чиқарилди. Судьялар олий кенгаши ахборот хизмати бу ҳолатни изоҳлаб, суднинг мазкур ажрими суд мажлисида журналист ва блогерларнинг иштирокини узил-кесил тақиқламаслигини, улар жараённи бевосита кузатиши, ўзлари учун зарур қайдлар қилиб бориши ҳамда турли башорат ва тахминларга берилмаган ҳолда ахборотлар эълон қилиши мумкинлигини ёзиб чиқди.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилда Ўзбекистон матбуот эркинлиги рейтингида 11 поғона пасайган. Мамлакат 180 та давлат ичида 148-ўринни эгаллади.
Мамлакатда ОАВ эркинлиги билан боғлиқ вазият «мураккаб»дан «жуда жиддий» (харитада тўқ қизил ранг) босқичига ўтган.