Конста ижросидаги «Ўзбекистонлик» саундтреки бир кунда қарийб 100 минг марта кўрилди
Хорижда муваффақиятга эришган ватандошлар ҳақида ҳикоя қилувчи «Ўзбекистонлик» филми учун саундтрек куйланди
Хорижда муваффақиятга эришган ватандошлар ҳақида ҳикоя қилувчи «Ўзбекистонлик» филми учун рэпер Конста томонидан саундтрек куйланди. 18 апрел куни клипи билан биргаликда премера қилинган ушбу қўшиқ бир кунда YouTube тармоғида 100 минг марта кўрилди.
Конста тахаллуси билан ижод қилувчи хонанда «Ўзбекистонлик» филмидан илҳомлангани ва шу мақсадда бу қўшиқни ёзганини маълум қилган. У ижод маҳсули ўзининг ҳаётини акс эттирганини ҳам билдирган.
«‘Ўзбекистонлик’ филмини томоша қилганимда у ердаги қаҳрамонларни кўриб, ўзимнинг бошимдан ўтказганларим ёдимга тушиб кетди. 2012 йилда 250 минг сўмга етти суткалаб йўл босиб, Россияга етиб борган бола, орзулари бир дунё, лекин яшаш учун пул топиши керак бўлган, резинадек чўзиладиган квартираларда яшаб юрган йигит муваффақиятга эришгунига қадар қандай қийинчиликларни босиб ўтиш мумкинлигини яхши тушунаман.
Шу сабабдан филмда кўтарилаётган ғоя руҳиятимга жуда яқин эди. Улар ўз мақсадларига етгунига қадар ҳар қандай қийинчиликларга қарамасдан, олға боришган, синовлар уларни янада кучлироқ қилган.
Яқинда лойиҳа ижодкорлари билан ‘Ўзбекистонлик’ филмининг ўзига хос мадҳиясини яратиш фикри туғилди. Фикримиз бир жойдан чиқди. Улар бу ғояни қўллаб-қувватлашди ва якунда янги трек дунёга келди. Қўшиқ кечаги ва бугунги мен, сиз, биз ҳақимизда. Мақсадга етгунича ҳеч қачон тўхтамаслик керак экани, улар ёлғиз эмаслигини шу трек орқали етказиб беришга ҳаракат қилдик. Лойиҳанинг асосий ғояларидан бири ҳам аслида шундай», — деб ёзган у ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали.
Ушбу қўшиқ ва клипни сиз ҳам томоша қилишингиз мумкин.