16:51 | 26.03.23

                       

Конституциявий лойиҳа: «прописка» бўйича муаммолар тўлиқ бартараф этиладими?

Мутахассисга кўра, 2018 йилларгача мавжуд бўлган «прописка» тизими шахсларнинг бир қатор ҳуқуқларини чеклаб қўйди

Эркин ҳаракатланиш — инсоннинг ажралмас ҳуқуқидир. Инсон ҳуқуқлари орасида муҳим ҳисобланган шахснинг эркин ҳаракатланиши ва яшаш жойни эркин танлаш ҳуқуқи Инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон декларацияси, Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисида, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро пактларда белгиланган бўлиб, инсоннинг олий неъматлари қаторига киритилган. Шу боис, мазкур ҳуқуқ ва эркинликлар дунёнинг демократик ривожланган давлатларнинг конституцияларида кафолатланган.

Ўзбекистон тарихида шахснинг эркин ҳаракатланиш ҳуқуқини чекловчи қонун нормалари ва ҳуқуқий институтлар бўлгани ҳеч кимга сир эмас. Паспорт назорати, «прописка» режими, мамлакатдан чиқиш ва унга кириш учун қатор инстанциялардан текширувлардан ўтиш ва рухсат олиш каби инсоннинг ҳаракатланишини чекловчи қатор қоидалар шулар жумласидандир. Масалан, Собиқ Иттифоқнинг 1924, 1936, 1977 йилларидаги Конституцияларида мазкур ҳуқуқнинг ўзи бўлмаган, фуқаро яшаш жойи бўйича «прописка»га ўтказилган. Демак, фуқарони унинг яшаш ва меҳнат қилиш жойи билан мустаҳкам боғловчи омил бўлиб келган.

Мустақил Ўзбекистоннинг 30 йил олдин қабул қилинган Конституциясида илк бор «Ўзбекистон фуқароси республика ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш, Ўзбекистон Республикасига келиш ва ундан чиқиб кетиш ҳуқуқи» белгиланди. Шу билан бирга, «қонунда белгиланган чеклашлар бундан мустаснодир» деган қоида мамлакат фуқаролари учун айрим қонун ва қонун ости ҳужжатлар орқали «эркин ҳаракатланиш»ини чеклаб қўйди. Бу нимада намоён бўлди?

Авваломбор, 2018 йилларгача мавжуд бўлган «прописка» тизими шахсларнинг бошқа ҳуқуқларини чеклаб қўйди. Масалан, меҳнат қилиш ҳуқуқи ушбу тизим билан боғлаб қўйилди. Хусусан, олдин Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда мавжуд бўлган вақтинча ёки доимий «прописка»сиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаб турган фуқароларни ишга қабул қилганлик учун жавобгарликка тортиш шулар жумласидандир. Банк хизматларидан фойдаланиш, хусусан, қарз, ипотека, валюта айрбошлаш каби хизматлар шахснинг «прописка»сига қараб бериларди. Ушбу тизимнинг мавжудлиги кўпгина коррупциоген ҳолатларни келтириб чиқарарди.

Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилган ислоҳотлар кириб бормаган соҳа бўлмади. Буни инкор қилиб бўлмайди. Шулар қаторида, паспорт ва «прописка» тизими тубдан такомиллаштирилди. Айниқса, ушбу соҳага ахборот-технологияларнинг чуқур кириб бориши, ушбу соҳадаги давлат хизматлари электрон майдон орқали амалга ошириш имкониятларининг кўпайтирилгани аҳолига жуда ҳам қўлайликлар яратди. Вақт ва харажатларни тежаш, коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этиш учун замин яратилди.

Шунингдек, меҳнат қилиш, молия ва банк хизматлари, ўй-жойни сотиб олиш учун «прописка» билан боғлаб берувчи қоидаларнинг чиқариб ташланиши жаҳонда умумэътироф этилган «эркин ҳаракатланиш» ҳуқуқини рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда.

Ушбу қоиданинг Конституцияга киритилиши ҳар бир шахснинг табиий ҳуқуқларининг рўёбга чиқишининг ҳуқуқий пойдевори бўлиб, Ўзбекистоннинг ҳалқаро ҳамжият олдида ижобий имижининг шаклланишига хизмат қилади.

Сахипжамал Жолдасова,

юридик фанлари доктори

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: