9:16 | 25.02.23
Президент Қаршида халқ вакиллари, фаоллар билан учрашувда ОАВ, сўз эркинлиги ва унинг меъёрлари тўғрисида гапирди
Шавкат Мирзиёев Қаршида халқ вакиллари, фаоллар билан учрашувда ОАВ, сўз эркинлиги ва унинг меъёрлари тўғрисида сўзлади. Давлат раҳбарининг суҳбати матбуот котиби Шерзод Асадов томонидан эълон қилинди.
«Ёпиқ давлат бўлиб, оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватламаганимиз учун адолат, халқнинг овозини эшитмадик. Эшитмадик. Эркинлик нафаси ёқадими? Менга ёқади. Тўғри, менга қийинроқ бундай ишлаш», — дея таъкидлаган Президент.
«Ҳамма айтади [ОАВларни] ёпиб қўй, деб. Йўқ, ёпмайман. Яна олдингидай прокурор, СНБ (МХХ — таҳр.) текширувчи бўлаверсинми? Биз ниятимизга етдикми? Биримиз икки бўлдими? Шунинг учун эркинлик нафаси, оммавий ахборот воситаларини дўст билишимиз керак», — дейди давлат раҳбари.
«Гапирсин — адолатни гапирсин. Танқид қилсин — тўғри танқид қилсин. Шу қишлоққа, мактабга, таълимга фойдаси бўлса, нур устига нур. Мен ҳар куни интернетни ўқийман. Ким қандай гапирганини вақтим борича бир-икки соат қўлимга қалам олиб, ўзимга ёзиб оламан. Барибир, ўнта фикрдан тўққизтаси тўғри бўлиб чиқади», — дея таъкидлаган Шавкат Мирзиёев.
Шавкат Мирзиёев 2021 йил мартда журналистлар билан суҳбатда «адолатни етказишдан тўхтамаслик» лозимлигини айтган эди. «Бир йил олдин сизлар шундай эдингларми? Ҳаммамиз шундай эдикми? Ҳамма танқид қилишни билади, лекин уч йил олдин ОАВга муносабат қандай эди? Мен Наманганда айтган эдим, сизларнинг орқаларингда Президент турибди. Яна қайтараман, мен сизларга ишонаман, албатта, адолатли ҳақиқатни халқимизга етказиб берасизлар. Лекин биз кўп нарсани биргаликда ўрганяпмиз», — дейган эди Президент.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: