9:11 | 19.08.24

                       

Коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш комплекс режаси тузилади

Ўзбекистонда коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш бўйича комплекс режа ишлаб чиқарилади.

Президентнинг ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг барқарорлигини таъминлаш бўйича Фармони қабул қилинди.

Қайд этилишича, ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи, ҳуқуқий нормаларни белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат кучга киргандан сўнг норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиш мақсадларига эришилишини таҳлил қилиш, унинг ижросини таъминлаш ҳамда баҳолаш учун статистик маълумотларни йиғиш мақсадида ҳар йили масъул давлат органи томонидан мониторинг олиб борилади.

Шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиш мақсадларига эришилганлиги ва самарадорлигини аниқлаш мақсадида қонуности ҳужжатлари ҳар 3 йилда масъул давлат органи томонидан баҳолашдан ўтказилади.

Қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатда унинг мониторинги ва баҳолашдан ўтказилишига масъул бўлган давлат органи кўрсатилади.

Бундан ташқари, қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжат мониторинги ва баҳолаш натижалари мажбурий равишда Адлия вазирлигига тақдим этилади ҳамда масъул давлат органининг расмий веб-сайтида эълон қилиб борилади.

Маълумотларга кўра, қонунчилик ҳужжатларининг ҳуқуқий мониторинги тартибга солиш таъсирини баҳолаш доирасида ўтказилади.

Қонунчилик ҳужжатларининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш ҳамда коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш бўйича комплекс режа ҳар йили Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилади ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.