11:52 | 08.11.24
Ҳокимларнинг бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари вилоят Кенгашларида раислик мақомининг бекор қилиниши бошқарувдаги чинакам янги даврни бошлаб беради.
“Ҳокимиятни номарказлаштиришнинг асосий сабабларидан бири – давлат бошқарувида коррупцияга қарши курашишнинг минимал стандартларини таъминлаш истагидир”, дея таъкидлаган эди америкалик файласуф, сиёсатшунос ва ёзувчи Френсис Фукуяма.
Биз бежизга ушбу иқтибос билан фикримизни бошламадик. Зеро 27 октябрда бўлиб ўтган сайловлар Янги Ўзбекистонда маҳаллий бошқарувни ислоҳ қилишда муҳим жараён сифатида тарихда из қолдиради. Нафақат аксилкоррупция сиёсатида, балки тараққиётнинг энг муҳим йўналишларида янги босқич бошланади.
Мана бир неча йилдирки, мамлакатимизда ихчам ва самарали бошқарувни ташкил этишда изчил ислоҳотлар ўтказилмоқда. Айниқса, янги таҳрирдаги Конституцияда белгилангани каби ҳокимларнинг бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари вилоят Кенгашларида раислик мақомининг бекор қилиниши бошқарувдаги чинакам янги даврни бошлаб беради.
Шу ўринда савол туғилади. Хўш, ҳокимлар раислик қилмаса-ю, уларни ўрнига кимлар бу масъулиятни бўйнига олади? Яна ҳам оддийроқ қилиб айтганда, кимлар бугун ҳокимларни, бутун маҳаллий ижро органларини тийиб тура олади? Бир қарашда бу оддий саволдек туюлгани билан, аслида халқ вакиллари бўлмиш депутатлар орасидан сайланадиган Кенгаш раиси ҳар томонлама етук кадр бўлиши талаб этилади. Кенгаш раислари нафақат қонунчиликни, балки
Шу нуқтаи назардан биз янги раислар кимлар деган саволга жавоб қидирдик.
Жорий йилнинг 5-7 ноябрь кунлари Тошкент шаҳар ва вилоятлар (Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Тошкент, Фарғона ва Хоразм вилоятлари) Кенгаши раислари сайланди. Матбуотда эълон қилинган маълумотлар ва бошқа расмий манбалар асосида ушбу бешта ҳудуднинг Кенгаш раислари фаолияти ва бошқарув тажрибаси билан танишиб чиқдик. Мутахассислигига кўра улар иқтисодчи, тиббиёт ходими, таълим соҳаси вакиллари, сиёсатчи, муҳандис ва бошқа шу каби ихтисосликларга эга. Уларнинг аксарияти кўп йиллик меҳнат тажрибасига эга эканлиги, 3 нафари (Қашқадарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятлари) эса аёллар эканлиги қувонарли, албатта.
Кенгаш раисларининг теран фикрли ва халққа яқин бўлиши халқчил давлат, эшитувчи давлат тамойилларини амалга оширишда муҳим омил саналади. Шу нуқтаи назардан ҳам ҳамкасбларининг айнан уларга ишонч билдириши ҳам бежиз эмас. Чунки, биргина маҳаллий бюджет маблағларини тасарруф этишдан тортиб, камбағалликни қисқартириш, янги иш ўринларини яратиш, экологик муаммоларни ҳал этиш ва бошқа долзарб масалаларда улкан тажриба ва қатъийлик талаб этилади.
Маҳаллий Кенгашларда депутатларнинг қарийб 60 фоизи янгиланган шароитда ҳам раисларнинг тажрибали депутатлар орасидан сайланиши уларнинг келгуси фаолиятига ижобий таъсир кўрсатиши табиий холдир.