14:48 | 08.07.23

                       

Малайзияда Қуръони Каримнинг ўзбек тилидаги таржимаси чоп этилади

Бундан ташқари Ўзбекистоннинг зиёрат туризмини Малайзияда тарғиб қилиш бўйича келишилди.

Ўзбекистон элчиси Равшан Усманов Малайзияда жойлашган дунёнинг иккинчи энг йирик Қуръони Карим босмахонаси — Nasyrul Quran маърифий мажмуасига борди.

Фото: Dunyo АА

Nasyrul Quran мажмуа 2017 йилда таъсис этилган бўлиб, Қуръони Каримни нашр этиш бўйича Мадинадаги Қирол Фаҳд номидаги мажмуадан кейинги дунёдаги иккинчи энг йирик босмахона ҳисобланади. Мажмуада Қуръон хаттотлиги галереяси, босмахона фаолиятини кузатиш нуқтаси ва анжуман хоналари фаолият кўрсатади. Муассаса нашриёт ишидан ташқари, Ислом хаттотлик санъати ва меъморчилигини ўрганиш ҳамда тарғиб қилиш, Қуръон қўлёзмаларининг янги дизайнини ишлаб чиқиш билан шуғулланади.

Ташриф давомида мажмуа директори Абдуллатиф Мираса билан учрашув ўтказилди. Учрашув давомида Самарқанддаги Ҳадис илми мактаби томонидан тақдим этилган Қуръони Каримнинг ўзбек тилидаги таржимаси ва 6 жилдлик «Тафсири ирфон» (Қуръони Карим маъноларининг ўзбекча таржимаси ва тафсири) Малайзия томонига тақдим қилинди.

Мулоқот якунида Малайзия томони ва Самарқанддаги Ҳадис илми мактаби ҳамкорлигида Қуръоннинг ўзбек тилидаги таржимасини Малайзияда нашр қилиш бўйича келишувга эришилди.

Бундан ташқари, ҳамкорликда Ислом хаттотлиги бўйича кўргазма ташкил этиш, қўшма семинар ва тренинглар, Ўзбекистоннинг зиёрат туризмини тарғиб қилиш бўйича бошқа маърифий дастурларни амалга ошириш тўғрисида келишилди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: