11:51 | 25.02.23
Сўровномада қатнашганлар маънавиятни ахлоқ, тарбия ва қадрият билан тенглаштирди
YouTube’даги Ular лойиҳасининг 13 февраль куни эълон қилинган маҳсус сонида жамиятда ўз ўрнига эга ёшлардан ўзларини қийнаб келаётган муҳим мавзулар, хусусан, маънавият, менталитет тушунчаларига бўлган қарашлари ёритилганди.
«Маънавият бизни ҳозиргача таъқиб қилиб келяпти. Кўчада ҳамма хоҳлаганини кийиб, хоҳлаган ишини қилиб юриши нотўғри. Лекин айнан биз каби ‘Маънавиятим қаерда қолди?’… кун келиб, айнан шу маънавиятни бузиб ўтган нарса жаҳон трендига айланади. Маънавият Янги Ўзбекистон учун аниқ керак эмас. Биз менталитетимизни бошқатдан кўриб чиқишимиз керак. Бизнинг дунёқарашимиз, юриш-туришимизга тўғри келмайдиган нарсани менталитет билан ниқоблашни бас қилишимиз керак. Айниқса, бу «маънавиятчилар»га тегишли.
Маънавият янги Ўзбекистон учун аниқ керак эмас. Сабаби инсон доим хилма-хиллик билан ривожланади, ўсади. Ёшларнинг маънавиятдан чарчашининг сабаби уни мактабларда нотўғри ўқитилишидан келиб чиққан. Ёшлар ундан зериккан. Тематика ҳар йили ўзгариши, замонга мослашиши керак эди. Лекин у ўзгармаган. Шундан келиб чиқиб, ёшлар ундан зериккан.
Маънавият абсурт, йўқ тушунча. Лекин Ўзбекистондаги ҳамма жабҳани эгаллаб бўлган. Ўзи нима у маънавият? Маънавият биз хоҳлаган интеграцияга етаклолмайди».
Лойиҳа қатнашчилари маънавият ҳақида ўзининг фикрларини билдириши, уларнинг қарашлари ёши каттароқ, «маънавиятчи» қатлам томонидан кескинлик билан қабул қилинган.
Шундан сўнг «Маданият ва маърифат» телеканали орқали Ular’да чиқиш қилган ёшлар фикри ёши каттароқ фаоллар томонидан муҳокама қилинган. Телеканал чиқарган ушбу кўрсатув эса блогерлар томонидан танқид қилиниб, «ёшлар нима хоҳлашини ёши катталар ҳал қилаётгани» қораланиб мемлар, истеҳзоли постлар чиқди. «Маданият ва маърифат» яна бир кўрсатув тайёрлаб, унга танқидий пост муаллифлари, тарихчи ва фаолларни таклиф қилиб, улар билан яна бир марта «ёшлар нима хоҳлашини» ҳақида суҳбат ташкил қилди. Дастурда маънавият тор тушунча эканлиги ва ўз вақтида пропаганда учун нотўғри танлангани ҳақида фикрлар билдирилди.
Bugun.uz мухбири Рухсора Машарипова актуаллигини йўқотмайдиган маънавият мавзусида турли ёшдаги инсонлар, талабалар фикрини ўрганиш мақсадида «Маънавият деганда нимани тушунасиз?» деган савол билан Тошкент кўчаларида сўровнома ўтказди.
Сўровнома респондентлари Ular лойиҳасининг қатнашчилари ва баъзи фаолларнинг фикридан фарқли равишда маънавиятни ахлоқ, тарбия ва қадрият билан тенглаштирди. Инсоннинг ташқи кўриниши, юриш-туриши, жамиятда ўзини тутиши ва билим доираси маънавият таркибига киришини айтди. Баъзи ёшлар уни миллий ва дунёвийга ҳам ажратди. Менталитетга қараб кийиниш, муомала қилиш миллий маънавият бўлса, қонун-қоидалар доирасида ҳамма ўз хоҳлаганини қилиши дунёвий маънавият дейилди. Респондентга кўра, миллий маънавият вақт ўтиши билан ўз ўрнини йўқотади.
Ёши каттароқ қатлам маънавиятни тушуниш учун Навоий, Фурқат, Муқимийни ўқиш кераклигини таъкидлади. Ҳамда йўлда телефон ўйнаши, катталарга жой бермаслик, одобсизликни маънавиятсизлик дея баҳолади.
Ушбу таҳлил Ular лойиҳаси иштирокчилари маънавият ҳамма жабҳани эгаллагани ҳақидаги фикрлари тўғри эканлигини кўрсатади. Aммо «Маданият ва маърифат» телеканалида чиқиш қилган фаоллардан фарқли равишда кўпчилик маънавиятни одоб-ахлоқ, тарбия, муомала, қадриятни бирлаштирувчи, инсондан ажралмас тушунча деб ҳисобламоқда.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: