13:33 | 12.09.24

                       

Марказий банк асосий ставкани қайта кўриб чиқди

Марказий банк асосий ставкани қайта кўриб чиқиб, натижасини эълон қилди.

Марказий банк бошқаруви асосий ставкани 13,5 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди.

Таъкидланишича, бу инфляцияни йил якунида прогноз кўрсаткичларига қадар ва ўрта муддатли даврда 5 фоизлик таргет даражасигача пасайтириш мақсадида қилинган.

Умумий инфляция сўнгги 3 ойда сезиларли ўзгаришсиз сақланиб, августда йиллик 10,5 фоизга тенг бўлди. Жорий йилда мева-сабзавотлар нархи пасайиши инфляцияга қарийб 1 фоиз бандлик пасайтирувчи таъсир кўрсатди. Ўз ўрнида, йил бошидан пасаювчи тенденцияга эга бўлган базавий инфляция июнь ойидан сўнг йиллик ҳисобда пасайишдан тўхтади.

Январь-июль ойларида иқтисодиётда юқори ишлаб чиқариш фаоллиги кузатилиб, ялпи талаб ва таклиф ўртасидаги тафовут қисқариб бормоқда. Хусусан, саноат ишлаб чиқариш, қурилиш ишлари ва хизматлар соҳасида реал ўсиш суръатлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан юқори шаклланди.

Иқтисодий фаолликдаги ижобий тенденциялар савдо ва пуллик хизматлар, экспорт тушумлари ва пул ўтказмалари ҳажмининг ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ошишида ҳам кузатилди.

Банк тизими умумий ликвидлигининг ошиши ҳамда асосий ставканинг июль ойидаги пасайтирилиши таъсирида пул бозорида фоиз ставкаларининг маълум даражада пасайиши кузатилди. Бу, ўз навбатида, давлат қимматли қоғозлари бозорига ҳам таъсир кўрсатиб, улар бўйича даромадлилик даражасини пасайишида акс этди.

Келгусида ҳам иқтисодиётдаги юқори инвестицион ва истеъмол фаоллиги ялпи талабни қўллаб-қувватлашда давом этади. Давлат бюджети харажатлари ва тўғридан-тўғри инвестицияларнинг фаоллашуви инвестицион талабни таъминласа, хориждан пул ўтказмалари ҳажмининг юқорилиги аҳолининг реал даромадларига ижобий таъсир кўрсатиб, истеъмол талаби динамикасида намоён бўлиши кутилмоқда. Шунингдек, сентябрь-октябрь ойларида пенсиялар ва бюджет ташкилотларида иш ҳақилари оширилиши ҳам келгуси чоракларда истеъмол талабини рағбатлантиришга хизмат қилади.

Алмашув курси динамикаси ва озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг барқарор шаклланаётгани аҳоли ва тадбиркорлар инфляцион кутилмаларига ижобий таъсир кўрсатиб, июль ойида кутилмалар 11-12 фоизгача пасайган бўлса, август ойида пенсия ва давлат секторида иш ҳақиларининг кутилаётган ошиши ва ёқилғи ресурсларининг қимматлашиши таъсирида 12-13 фоизни ташкил қилди.

Ташқи савдо балансининг яхшиланиши ва пул ўтказмалари ҳажмининг сезиларли ошиши таъсирида жорий операциялар ҳисобварағи тақчиллигининг ҳам қисқариб бориши кутилмоқда. Бу эса, алмашув курсига эҳтимолий фундаментал босимларнинг камайишига ва жорий барқарор динамиканинг давом этишига хизмат қилади.

Инфляцияни йил якунига қадар белгиланган прогноз даражасигача пасайтириш асосий ставкани ўзгаришсиз сақлаб қолишни тақозо этмоқда.

Пул-кредит шароитларининг жорий нисбатан қатъий даражасининг сақлаб қолиниши таъсирида иқтисодиётда шаклланадиган юқори жамғариш фаоллиги ва миллий валютадаги депозитлар жозибадорлиги ялпи талабнинг мувозанатлашувига ва инфляциянинг пасаювчи динамикасини таъминлашга хизмат қилиши кутилмоқда.

Ўрта муддатли истиқболда Марказий банк инфляциянинг 5 фоизлик таргетига эришишга қаратилган нисбатан қатъий пул-кредит шароитларини таъминлашда давом этади. Бунда, иқтисодиётдаги талаб ва таклиф мутаносиблиги ҳамда инфляцион омилларнинг шаклланишидан келиб чиқиб қарорлар қабул қилинади.

Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2024 йил 24 октябрга белгиланган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: