11:51 | 01.11.24
Тошкентда метрода вояга етмаган қизнинг белидан паст қисмини бир неча маротаба ушлаб, шилқимлик қилган эркак жазоланди. Олий суд унга нисбатан қандай чора кўрилганини очиқлади.
Тошкент метрополитенида вояга етмаган қизга шилқимлик қилган эркакка суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов Bugun.uz’га хабар берди.
Маълум бўлишича, ҳуқуқбузарлик 30 октябрь куни соат 16:00 да Чилонзор туманида жойлашган метрополитеннинг «Новза» бекати йўналишидаги электропоезд вагонида содир этилган. Аниқланишича, Ф.Х. исмли эркак вояга етмаган қиз М.С.нинг белидан паст қисмини қўли билан бир неча маротаба ушлаб, шаҳвоний шилқимлик қилган.
Унга нисбатан маъмурий иш кўриб чиқилди ва у судда ўз айбини тан олди ҳамда қилмишидан пушаймон эканлигини билдирди. Суд жараёнида жабрланувчи М.С. ва унинг қонуний вакили иштирок этди. Жабрланувчи содир бўлган ҳолатни тасдиқлаб, ҳуқуқбузарга нисбатан оғирроқ жазо тайинлашни сўради.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 411-моддасининг 1-қисмига асосан, Ф.Х. «шаҳвоний шилқимлик қилиш» ҳуқуқбузарлигини содир қилганлиги учун айбдор деб топилди. Унга 4 сутка маъмурий қамоқ жазосини тайинлади. Жазо 2024 йил 31 октябрдан бошлаб амалга оширилади.