14:12 | 27.06.24

                       

Мирзиёев BYD заводига борди

Мирзиёев BYD заводига борди. У илк электромобилларга имзо қўйди. 

Шавкат Мирзиёев 27 июнь куни Жиззах вилоятига келиб, «BYD Uzbekistan Factory» қўшма корхонаси фаолияти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Мазкур завод шу йил январда давлат раҳбарининг Хитойга ташрифи чоғида ишга туширилган эди. Бу қиймати 160 миллион долларлик лойиҳанинг биринчи босқичи бўлиб, йилига 50 минг дона электромобиль ишлаб чиқариш қувватига эга.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бунинг учун қўшма корхона замонавий саноат инфратузилмаси билан таъминланди. Қарийб 2 километр темир йўл тортилди. Ишлаб чиқариш узлуксизлигини таъминлаш учун бутловчи қисмлар омбори, 1 минг 200 та контейнер сиғимига эга логистика маркази қурилди.

Заводга Хитойдан роботлаштирилган тизимлар ва ускуналар келтириб ўрнатилган. Ишлаб чиқариш жараёни автоматлаштирилган. Электромобилнинг геометрик ўлчамларини юқори аниқликда текширувчи лаборатория ташкил қилинган.

Президент ушбу имкониятларни кўздан кечирди, хитойлик шериклар билан суҳбатлашди.

Ҳозирда бу ерда Chazor ва Song Plus Champion моделлари ишлаб чиқарилмоқда. Шавкат Мирзиёев илк электромобилларга имзо қўйди.

Шу ерда давлат раҳбарига ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича ахборот берилди. Келгуси йилларда заводда моделлар қаторини кенгайтириш режалаштирилган. Қиймати 300 миллион долларлик иккинчи босқичда электромобиллар сонини йилига 200 минг донага, 500 миллион долларлик учинчи босқичда 500 минг донагача етказиш кўзда тутилган.

Электромобиллар сони ортиши билан маҳаллийлаштириш даражаси ҳам босқичма-босқич ошириб борилади. Энг аввало, бампер, ойна, лак-буёқ, пластик қисмларни ўзимизда тайёрлаш йўлга қўйилади. Кейинчалик аккумулятор, электр двигател, алюминий қисмлар, шиналар, ўриндиқлар ишлаб чиқаришга ўтилади.

Мазкур янги тармоқда рақобатбардош бўлиш учун инновация ва етук мутахассислар керак. Шу боис таълим ва ривожланишга қаратилган «R&D маркази» ташкил этиш, илм ва муҳандислик ютуқларини изчил қўллаб бориш зарурлиги таъкидланди. Маҳаллийлаштириш лойиҳалари орқали маҳсулот таннархини тушириш чоралари муҳокама қилинди. Истиқболдаги мақсад – минтақа бозорларига чиқиш.

Бугунги кунда корхонада 1 минг 200 киши ишлайди. Ўтган йили 200 нафар ходим «Uzautoмotors» заводларида малака оширган. Бу йил яна 92 нафар мутахассис Хитойнинг Сиан ва Чанша шаҳарларида сифат назорати, технология, таъминот, ускуналарга техник хизмат кўрсатиш каби йўналишларда малака оширади. Барча уч босқич жорий этилгач, иш ўринлари 10 мингтага етади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: