21:11 | 11.08.24
Мирзиёев чемпионлар билан телефон орқали гаплашди. Президент суҳбат давомида мураббий Тўлқин Қиличевга соғайиб кетишини тилаган.
Шавкат Мирзиёев Олимпиада чемпионлари билан гаплашди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Шавкат Мирзиёев бутун халқимиз номидан чемпион ва совриндорларни самимий табриклаб, мураккаб курашларда кўрсатган юксак маҳорати ва матонати учун миннатдорлик билдирди. Уларнинг ота-оналари ва мураббийларига эл-юртга муносиб шундай ўғил-қизларни тарбиялагани учун раҳмат айтди.
«Сен Ўзбекистон аёллари орасида биринчи бўлиб таэквондо бўйича олимпия медали совриндори бўлдинг. Барчамиз ҳар бир чиқишингни ҳаяжон билан кузатдик. Юксак жанг санъати ва ҳақиқий жангчи руҳини намойиш этдинг. Сен билан жуда фахрланамиз», — деди Президент Светлана Осиповага.
«Тарихий ғалабанг билан чин қалбимдан табриклайман. Энг оғир вазнда тенгсиз эканингни яна бир бор бутун дунёга кўрсатдинг. Бу бизларга жуда катта фахр, ғурур-ифтихор бағишлади. Парижда ҳам олтин олиб келишга ваъда берган эдинг, бугунги тарихий зафаринг шу ваъдага мос бўлди. Катта-катта ғалабалар ҳали олдимизда. Пойтахтимизда номингга очилган бокс бўйича спорт маҳорати мактабида яна юзлаб, минглаб ўзбек баҳодирлари катта рингларга тайёрланишига ишонаман», — деди Президент икки карра олимпия чемпиони Баҳодир Жалолов билан суҳбатда.
Фурсатдан фойдаланиб, давлат раҳбари боксчиларнинг бош мураббийси Тўлқин Қиличев тезда соғайиб кетишини тилади.
Спортчилар Президентнинг шахсий эътибори уларга кучли мотивация бергани, мукаммал тайёргарлик кўришлари учун барча имконият яратилганини қайд этиб, ташаккур изҳор этдилар. Ўзбекистон спортининг янги тарихини яратишда бундан буён ҳам астойдил меҳнат қилишга, янада юксак марраларга эришишга ваъда берди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: