13:09 | 02.09.24
Шавкат Мирзиёев Ислом Каримовнинг ҳайкали пойига гулчамбар қўйди (фото).
2 сентябрь куни давлат ташкилотлари вакиллари, Тошкент шаҳри жамоатчилиги Ислом Каримовни ёд этиш учун йиғилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев бу ерга ташриф буюриб, Биринчи Президент ҳайкали пойига гулчамбар қўйди.
Ислом Каримов мамлакат мустақиллигини эълон қилган ва уни тараққиёт йўлига олиб чиққан етакчи. Давлат раҳбари Мустақиллик байрамидаги нутқида бунинг тарихий аҳамиятини алоҳида таъкидлади.
«Айнан мустақиллик туфайли миллий давлатчилигимиз қайта тикланди. Ўзбекистон янги тарихий даврга қадам қўйди. Айнан истиқлол туфайли жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгалладик», дейди Шавкат Мирзиёев.
Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида Қуръон тиловат қилинди. Биринчи Президентимизнинг юртимизда тинчлик ва барқарорликни сақлаш, аҳоли турмушини яхшилаш борасидаги хизматлари ёдга олинди. Маросимда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар, жамоатчилик вакиллари ҳам Биринчи Президентимиз ҳайкалига гуллар қўйди.
Хотира тадбирлари Самарқанд ва Қарши шаҳарларида ҳам бўлиб ўтди.