20:12 | 26.06.24

                       

Мирзиёев Туркия миллий мудофаа вазири билан учрашди

Мирзиёев Туркия миллий мудофаа вазири билан учрашди. Учрашув давомида Афғонистондаги вазият ҳақида сўз юритилган.

Ўзбекистон Президенти Туркия делегациясини қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Шавкат Мирзиёев 26 июнь куни амалий ташриф билан Ўзбекистонда бўлиб турган Туркия миллий мудофаа вазири Яшар Гюлер бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Учрашув аввалида Туркия мудофаа идораси раҳбари Ўзбекистон етакчисига Президент Режеп Таййип Эрдоғаннинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Анқара шаҳрига 5-6 июнь кунлари амалга оширилган олий даражадаги ташриф чоғида эришилган келишувларни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари, жумладан, яқин идоралараро алоқаларни мустаҳкамлаш, қўшма тадбирлар ташкил этиш, ҳарбий мутахассисларни тайёрлаш ва бошқа масалалар муҳокама қилинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Хавфсизлик соҳасида, терроризм, экстремизм ва радикализмга қарши курашишда ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва мувофиқлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, шу жумладан Афғонистондаги вазият юзасидан ҳам фикр алмашилди.