20:39 | 09.07.24

                       

Мирзиёев Япония халқаро ҳамкорлик банки раиси билан мунозара ўтказди

Мирзиёев Япония халқаро ҳамкорлик банки раиси билан мунозара ўтказди. Ўзбекистон ушбу банк билан уч йиллик ҳамкорлик дастурини келишган.

Шавкат Мирзиёев Япония делегациясини қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Шавкат Мирзиёев 9 июль куни Япония халқаро ҳамкорлик банки (JBIC) раиси Тадаши Маэда бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ушбу етакчи молиявий институт билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш ва Япония компаниялари билан кооперация лойиҳаларини илгари суриш масалалари кўриб чиқилди.

2019 йил декабрь ойида Японияга амалга оширилган олий даражадаги ташриф икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиб, амалий мазмун билан бойитгани катта мамнуният билан қайд этилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзаро савдо ва Япониянинг Ўзбекистон иқтисодиётига тўғридан-тўғри инвестициялари ҳажми ошиб бормоқда, янги қўшма корхоналар ташкил этилмоқда.

JBICнинг мамлакатимизда устувор инвестиция лойиҳаларини амалга оширишдаги муҳим ўрни қайд этилди. Бугунги кунда нефть-кимё, тўқимачилик саноати, энергетика ва инфратузилмани модернизация қилиш каби соҳаларни қамраб олган қўшма лойиҳалар портфели 3,7 миллиард доллардан ошди.

Фото: Президент матбуот хизмати

“Sojitz” корпорациясининг Ўзбекистондаги фаолияти юқори баҳоланди. У билан биргаликда нефть-газ соҳасида қатор йирик лойиҳалар амалга оширилди. Кеча Тошкент шаҳрида компания ваколатхонасининг очилиши бўлиб ўтди.

Давлат раҳбари “яшил” энергетика, геология, инфратузилмани модернизация қилиш, коммунал хўжалик ва соғлиқни сақлаш соҳаларида Япония компаниялари иштирокида янги кооперация лойиҳаларини тез фурсатда тайёрлаш ва амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади.

Япония халқаро ҳамкорлик банки билан уч йиллик ҳамкорлик дастурини, шунингдек, “Sojitz Corporation” билан Ўзбекистон иқтисодиётининг юқори технологик тармоқларида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”ни қабул қилишга келишиб олинди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: