12:11 | 20.08.24

                       

Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти бошланди

«Сизларга янада қулай шароитлар яратиб беришга доим тайёрман» — Президент.

Нукус шаҳрида президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти бошланди.

Бутун мамлакатда бўлаётган кенг кўламли ўзгаришларни Қорақалпоғистон мисолида яққол кўриш мумкинлиги таъкидланди.  Бугунги таҳликали ва мураккаб замонга қарамасдан, иқтисодиёт барқарор ўсиб бораётгани, дунёдаги нуфузли халқаро ташкилотлар, хорижий давлатлар етакчилари буни эътироф этаётгани қайд этилди.

Яқинда Халқаро валюта жамғармаси мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти илк бор 100 миллиард доллардан ошганини тасдиқлади.  Шундай юксак маррага эришишда илғор технологиялар асосида замонавий корхоналар очаётган, юз минглаб янги иш ўринларини яратаётган ва дунё бозорларига жадал кириб бораётган азм-у шижоатли тадбиркорларнинг ҳиссаси беқиёс экани эътироф этилди.

Президент ривожланган давлатларда ўз бизнесини йўлга қўйган, катта-катта натижалари билан юртимиз номини чет элликларга танитаётган кўплаб ватандошларимиз борлигини қайд этди. Бугунги учрашувда 40 дан зиёд ана шундай ватанпарвар, ишбилармон бизнес вакиллари иштирок этмоқда.

Куни кеча илғор бизнес вакилларидан 37 нафари орден ва медаллар билан, 104 нафари «Фаол тадбиркор» кўкрак нишони билан тақдирланди. Фурсатдан фойдаланиб, давлат раҳбари уларни чин дилдан табриклаб, фидокорона меҳнати учун ўз номидан, бутун халқимиз номидан самимий миннатдорлик билдирди.

«Сизлар янгилик яратишдан, ташаббус кўрсатишдан чарчаманглар. Сизларни қўллаб-қувватлашга, янада қулай шароитлар яратиб беришга мен доим тайёрман!» – деди президент.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: