19:18 | 13.09.23
Фуқароларнинг кўпчилиги бу қарорни зўравонлик дея баҳолаб, ҳукумат қарорини қўллаб-қувватлаётганларга кескин муносабат билдирмоқда.
Миср ҳукумати ўқувчиларга мактабларда юзни ниқоб билан ўрашни тақиқловчи қарор қабул қилди. Бу ҳақда «Al Arabiya» нашри хабар бермоқда. Қарор ижтимоий тармоқларда баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Фуқароларнинг кўпчилиги бу қарорни зўравонлик дея баҳолаб, ҳукумат қарорини қўллаб-қувватлаётганларга кескин муносабат билдирмоқда.
Миср Таълим вазирлигининг «Ахбар ал-Ёум» давлат газетасида чоп этилган баёнотда «юзни кўришга тўсқинлик қиладиган ҳар қандай бош кийими ёки рўмол қабул қилиб бўлмас» эканлиги айтилган. Баёнот шунингдек, ўқувчиларга ҳижоб ёки рўмол ўрашга рухсат берилиши, бироқ мазкур рўмол вазирлик ва маҳаллий таълим бошқармаси танлаган рангда бўлиши керак эканлиги ҳам айтилади.
Янги кийиниш тартиби 30 сентябрдан 2024 йилнинг июнига қадар амал қилади. Қарор хусусий ва давлат мактабларга ҳам тегишли.
Янгича кийиниш тартибини танқид қилувчилар ижтимоий тармоқларда ҳукуматни аёллар ҳуқуқларига аралашишда айблашмоқда. Фуқаролар фикр ва муҳокамаларидан давлатнинг кийиниш масаласига аралашиши ниҳоятда нотўғри қарор эканлиги борасидаги қарашлар ҳам ўрин олган.
Қоҳирадаги вазирлик баёнотига кўра, талаба «ўз шахсий хоҳишига кўра, ота-онасидан бошқа ҳеч қандай шахс томонидан ҳеч қандай босим ёки мажбурловсиз» сочи ва юзини ўраш ёки ўрамаслигини ҳал қилиши керак.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 5 сентябр куни Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилиб, қабул қилинди.
Таклиф этилаётган қонун лойиҳасида икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшашни тарғиб қилганлик, хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилигини очиқдан-очиқ инкор этганлик ҳамда жамоат жойларида шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган даражада юзини тўсган ҳолда бўлганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаш назарда тутилган.
Бу воқеадан сал ўтиб эса Қирғизистон парлементи депутати Қирғизистонда ҳам Ўзбекистондаги каби бурқа ва юзни беркитувчи кийим кийишни тақиқлаш кераклигини айтган чиққан эди. Ушбу фикрлар жамоатчилик ўртасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: