11:00 | 05.01.24

                       

Наманганда 16 ёшли қиз «эр керак» ёзувли «плакат» кўтариб чиқди – видео

Вояга етмаган қизнинг хатти-ҳаракатлари акс этган видео гўзаллик салонини реклама қилиш мақсадида олинган.

Наманган вилоятида «эр керак» ёзувли «плакат» кўтариб келин либосида кўриниш берган қизнинг видеоси ижтимоий тармоқларда тарқалиб, кескин қораланди. Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг ҳудудий бошқармаси масъуллари томонидан тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳолат ўрганилган.

Аниқланишича, видеода Давлатобод тумани Навбаҳор маҳалласида яшовчи, 2007 йилда туғилган вояга етмаган Д.Р.нинг хатти-ҳаракатлари акс этган. Видеолавҳа Янги Наманган туманидаги гўзаллик салони ходимлари томонидан салон мижозлари ва каналидаги обуначиларининг сонини кўпайтириш мақсадида олинган.

Ҳолат юзасидан масъул идоралар вакиллари  томонидан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

«Ушбу видеолавҳа билан боғлиқ ҳолатлар жамиятда ўрнатилган қоидаларни менсимаслик, қолаверса, турли мақсадлар йўлида вояга етмаган шахсдан фойдаланиш, одамларнинг фикрини манипуляция қилиш, чалғитиш сифатида жамоатчиликнинг ўринли эътирозларига сабаб бўлган», дейилади қўмита хабарида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ блогер Марям Тиллаева (Mashatilly) «Эр қидиряпман» деб ёзилган «плакат» кўтариб чиққан эди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: