16:20 | 18.08.24
«Маст ҳолда бўлиб, билмай қолдим». Наманганда 50 ёшли эркак масжидда ўғрилик қилди.
Наманган шаҳрида 1974 йилда туғилган фуқаро олтинча маротаба жиноят қилиб, жазога тортилди.
Маълум қилинишича, айбланувчи 30 июль куни масжидга келган фуқаронинг велосипедини ўғирлаб кетаётганда, ҳуқуқ инспекторлари томонидан ушланган. Бундан аввал у 3 марта ўғрилик жинояти, 2 марта гиёҳванд моддаларни сақлаш билан айбдор деб топилган.
70 ёшли онанинг ёлғиз боқувчиси бўлган бу шахс яна бир муддат панжара ортида бўлади.
«Бешта фарзандим бор. Учта қиз, иккита ўғил. Бешта болани ўзим катта қилиб, уйли жойли қилдим. Қийин экан. Шу фарзандларим боқаман деб ишга кетиб, уларга яхши тарбия бера олмабман», — деди 70 ёшли она.
Маълумотларга кўра, айбланувчи ҳозиргача 5 та жиноий иш билан ҳаётининг қарийб 15 йилини озодликдан маҳрум этилган ҳолда ўтказган.
«Маст ҳолда бўлиб, билмай қолдим. Мен бу бўйича афсусдаман. Тўғри ҳаммаси», — деди айбланувчи.
У Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан 3 йил 7 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: