16:17 | 14.08.24
Наманганда аёл қорнида тиббий дока ва резина қўлқоп қолиб кетгани рад этилди. Аёлнинг ичидан бундай нарсалар чиқишига ўзи сабабчи бўлган.
Наманганда операция қилинган аёл қорнида тиббий дока ва резина қўлқоп қолиб кетгани ҳақида хабар берилган эди. Вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот хизмати бу ҳолатни рад этди.
Қайд этилишича, 11 май куни соат 09:00 ларда Чортоқ тумани, «Алихон» МФЙда истиқомат қилувчи 33 ёшли фуқаро Б.У. туман тиббиёт бирлашмаси туғуруқ бўлимига тиббий кўрикдан ўтиш мақсадида келган.
Ўтказилган дастлабки тиббий текширувлардан сўнг аёлга 2 марта кесар кесиш ташхиси қўйилиб, туғруқхонага ётқизилган. Шундан сўнг бемор ҳолати ҳақида Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган вилоят филиалига хабар берилиб, даволаш жараёнлари учун мазкур муассасадан мутахассис чақирилган.
Шу куни соат чамаси 15:40 ларда тиббиёт фанлари доктори Т.Абдукаримов ва туғуруқхона бўлими мудири Х.Абидова томонидан кесарча кесиш амалиёти бажарилган.
Операция давомида аёл розилиги билан ихтиёрий жарроҳлик контратсепцияси қилинган. Амалиёт асоратсиз ўтган. Бироқ аёлнинг ҳомиласи бактериал ва вирусли инфекция туфайли антенатал даврда вафот этган. Анамнезига кўра, бемор ҳомиладорлик даврида камсувлик, 2-3 марта ЎРВИ ва ўткир сийдик йўллари инфекциясига қарши даволанган.
Мурдани оила аъзолари суд-тиббий экспертизасидан ўтказишни ёзма равишда рад этганлиги сабабли туғуруқхона мудираси томонидан уйига бериб юборилган. Шу боис мазкур ҳолат юзасидан туғуруқхона бўлими мудири Х.Абидовага нисабатан интизомий жазо чораси қўлланилди.
Жарроҳликдан сўнг беморнинг бачадони доим тоза бўлган (бир неча марта УТТ текшируви ўтказилган) ва туғуруқдан кейинги 31-кунда нормал ҳайз цикли бошланган. Ундан кейинги 10-кунда аёл ўткир замбуруғли колпит билан уй шароитида мустақил даволанган. Яъни ўзбошимчалик билан замбуруққа қарши тиббий шамчалар ва дока тампондан фойдаланган.
Сўнгги ойларда бемор соғлигининг ёмонлашишига айнан ўткир замбуруғли колпит билан касалланиши, сийдик йўллари инфекциясининг такрорланиши ва лактация қайталаниши биргаликда кечгани сабаб бўлган.
Фақат аёлнинг қинидан (қорни ёки бачадонидан эмас) мустақил даволанишда ишлатилган тиббий шамча ва тампон қолдиқлари тушган. Фуқаро томонидан олинган суратда айнан ушбу воситаларнинг қолдиқлари (ишчи гуруҳга тақдим этилган) акс этган.
Ҳомиланинг тирик ёки ўлик ҳолда туғилганлигини билиш учун эксгумация ҳамда қиндан чиққан ажралмалар нима эканлигини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси ўтказиш сўралганда, фуқаро Б.У. ҳар иккала текширувни ҳам рад этди.
Ишчи гуруҳ томонидан ўтказилган сўнгги тиббий кўрик (акушерлик, умумий ва УТТ текшируви) натижасига кўра, айни пайтда аёлнинг умумий ҳолати қониқарли.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: