18:13 | 13.06.24
Наманганда беш киши калтаклаб кетган йигит ўта оғир аҳволда жонлантириш бўлимига ётқизилди. Йигитнинг онаси ишни ёпиш учун пул таклиф қилишгани, отаси инфаркт бўлиб қолганини айтди.
Ижтимоий тармоқларда Наманган вилояти Поп тумани Чоркесар қишлоғидан она мурожаат йўллагани ҳақида видео тарқалди. Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
Маълум бўлишича, 11 июнь куни соат 11:30 ларда Поп тумани, Маданият маҳалласи ҳудудида жойлашган бильярд клубида икки гуруҳ ёшлар ўзаро жанжаллашиб, улардан уч нафари турли хил даражадаги тан жароҳатлари олишган. Жумладан, М.Т. (видеодаги шахс) ҳодиса оқибатида оғир тан жароҳати олган.
Мазкур ҳолат юзасидан 11.06.2024 йилда Поп тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан ЖКнинг 104-моддаси (қасддан баданга оғир тан жароҳати етказиш) 2-қисми «э, л» бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, айбланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Шунингдек, айбланувчининг ушбу ҳаракатларига дахлдор бўлган қолган шахслар ҳам жиноят иши бўйича ЖКнинг 277-моддаси 2-қисми «б» банди билан гумон қилинувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилинган.
Ҳозирда Поп тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда ва жиноят иши Наманган вилояти ИИБ томонидан алоҳида назоратга олинган.
Онанинг мурожаатига кўра, икки кун олдин ўғли Т.М.ни чалажон ҳолда «томдан тушиб кетган» деб билан шифохонага олиб келишган. «Мия чаноқ синган, икки томонлама қон қуйилиш» деб ташхис қўйишган, бола зудлик билан операция қилинган.
«Боланинг шу ҳолатга келишига сабабчи бўлган фуқаролар – ёшлар терговга тортилмай, эркин юришибди. Жанжал ўтган йили 3-мактабни битирган болалар билан бу йил 12-мактабни битирган болалар ўртасидан чиққан. Беш киши М.ни ўласи қилиб урган, билярд таёқчаси, кока-кола шишаси билан бошини ёришган, орқа томондан сакраб, миясининг суюқлиги чиққунча калтаклашган. Вазира опа тегишли идораларга телефон қилган, милиция иш очган. Лекин бугунга келиб, болани уришда қатнашган 5 кишилик гуруҳ (Б. Я., М.Х., Б.Н., Ж.Ҳ, Б.А.)нинг фақат биттасига айб юкланиб, қолганлари чиқиб кетган. Айтишларича, ўша гумонланаётган бола – оддий оиланинг боласи бўлгани учунгина тергов изоляторида қолган. Қолганлар ва жанжалда асосий фигурант деб айтилаётган Б.нинг ота-онаси эса боласи жон олиб-жон бераётган Вазира опага ишни босди-босди қилиш учун пул таклиф қилишган. ‘Қўлингдан нима келса қил’ деб Маъсудбекнинг қариндошлари билан жанжаллашган», — дейилади мурожаатда.
Мурожаат журналист Азиза Қурбоновага юборилган. У ўзининг саҳифасида вазиятни бошқа бир таниши ҳам тасдиқлаганини айтди.
«Вазира опа аслида йигитчанинг иккинчи онаси. Маъсудбекнинг туққан онаси 2 ёшида саратондан вафот этган. Йигитча айни вақтда икки дунё ўртасида турибди. Бунинг устига, фарзандининг аҳволини кўриб, отаси инфаркт бўлган, у ҳам ўз ҳушида эмас, битта реанимацияда ота ва бола ётишибди.
Онаизорнинг истаги қонун йўли билан иш тўғри ўрганилишини, ҳар бир айбдор жазоланишини истайди.
Вазиятни менга қандай етказишган бўлса, шуни ёздим. Ҳуқуқ-тартибот органларидан вазият тўлиқ ва адолатли текширилишини сўраб қоламан. Нафақат Поп туманининг тегишли идоралари, балки марказий идоралар даражасида назорат ўрнатилиши шарт», — деб ёзади Азиза Қурбонова.