11:17 | 09.08.24

                       

Наманганда операция қилинган аёл қорнида тиббий дока ва резина қўлқоп қолиб кетди

Наманганда операция қилинган аёл қорнида тиббий дока ва резина қўлқоп қолиб кетди. Аёлнинг аҳволи оғир эканлиги айтилмоқда.

ССВ матбуот котиби Фурқат Санаев ижтимоий тармоқларда аёл қорнида тиббий дока ва резина қўлқоп кетгани ҳақида тарқалган хабарларга муносабат билдирди.

Мазкур ҳолат Cоғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тўлиқ назоратга олиниб, мавжуд вазиятга зудлик билан аниқлик киритиш мақсадида тегишли Ишчи гуруҳ Наманган вилоятига юборилган. Якуний хулосалар бўйича жамоатчиликка қўшимча маълумот берилиши айтилди.

Маълумотларга кўра, аёл кесарча кесиш амалиёти билан фарзанд дунёга келтирган.

«Кўп беморларнинг жарроҳлик амалиётидан сўнг, ичида бинт ёки бошқа нарсалар қолиб кетар экан. Авваллари эшитсам, кулгили туюлар эди. Бундай бўлиши мумкин эмас, дердим. Энди ўз кўзим билан кўрганим сабаб сизларга инсон қадри бир тийин эканига амин бўлдим. Кесерва орқали она бўлган синглимизнинг ичидан икки ойдан бери икки маротаба «марли» ва резина қўлқоп чиқяпти. Синглим — отамдан меросим. Шу яшаб турсин. Боласику нобуд бўлди, униси энди худодан, лекин синглим бизга керак», — деди аёлнинг акаси, журналист Нозим Абдулла.

Нозим Абдулла Facebook’да ёзишича, синглисининг соғлиғидаги муаммолар сабаб икки ойдан бери иссиғи тушмаяпти.

«Тирик жон ичидан тиббий воситалар чиқмоқда. Ҳа майли, бинтнику тажрибасизликдан, эътиборсизликдан, ҳаяжонда қолиб кетган бўлиши мумкин, дерсиз (аслида, буни ҳам оқлаш кулгили). Лекин «перчатка»га нима дейсиз? Эй, инсон, тиббий «перчатка» қўлга ёпишиб туради. Уни ечиш бироз мушкул иш. Қандай қилиб беморнинг устида туриб «перчатки»ни ечиш мумкин? «Перчатка»ни бир қўл билан ечса, қўлда қоладику, тушиб кетмайди. Қолаверса, у операция тугагач ечилмайдими?», — деб ёзган пост муаллифи.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: